Испаниядан муносабат: Ўзбекистон интеграция жараёнларининг асосий иштирокчиси ва конструктив ташаббускори
Июнь 18, 2025. 09:54 • 2 дақ
• 34
МАДРИД, 18 июнь. /"Дунё" АА/. Сан-Пабло университети Ижтимоий тадқиқотлар институти профессори, Марказий Осиё минтақаси бўйича эксперт Антонио Алонсо (Испания) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 17 июнь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё – Хитой" саммитидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ўзбекистон раҳбарининг саммитдаги иштироки минтақа давлатлари ва Хитой ўртасидаги тизимли ва истиқболли ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Илмий ва геосиёсий нуқтаи назардан ушбу формат нафақат расмий Пекиннинг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётганини, балки минтақа давлатларининг ўзлари ҳам ўзаро манфаат ва суверенитетни ҳурмат қилиш тамойилларига асосланган кўп томонлама ҳамкорлик архитектурасини шакллантиришдаги фаол позициясини намойиш этади.
Бундай шароитда Ўзбекистон интеграция жараёнларининг асосий иштирокчиси ва конструктив ташаббускори сифатида ҳаракат қилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатингизда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, сармоявий жозибадорликни ошириш ва халқаро ҳамкорлар, жумладан, Хитой билан ўзаро шерикликнинг барқарор механизмларини яратишга йўналтирилган аниқ йўналиш изчил давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой сўнгги йилларда ўзаро англашув ва стратегик шерикликнинг юқори даражасига эришди. Бу эса Ўзбекистон кун тартибини "Марказий Осиё-Хитой" форматини ривожлантириш учун айниқса қимматли қилади. Савдо ҳажмининг барқарор ўсиб бораётгани, кўплаб инвестициявий лойиҳалар, гуманитар ва илмий-таълим алмашинувларининг фаоллашаётгани – буларнинг барчаси ўзаро муносабатларнинг етук ва кўп босқичлилигидан далолат беради.
Остона саммитида миллий тараққиёт стратегияларини Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" ташаббуси билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ерда минтақанинг марказида жойлашган Ўзбекистон табиий логистика ва инфратузилма маркази ролини бажаради. Транспорт йўлаклари ва саноат узелларини ривожлантириш каби улкан лойиҳаларни унинг фаол иштирокисиз амалга ошириш мумкин эмас.
Шунингдек, "Марказий Осиё – Хитой" формати иқтисодий кун тартибидан анча узоққа боришини алоҳида таъкидлаш зарур. Хавфсизлик, экология, қишлоқ хўжалиги, таълим, шунингдек, идоралараро алоқаларни институционаллаштириш масалаларини муҳокама қилиш минтақавий мулоқот учун тўлақонли платформа шакллантирилганидан далолат беради. Бундай шароитда Ўзбекистоннинг анъанавий равишда консенсус, дипломатик мувозанат ва прагматизмга қаратилган позицияси бутун Марказий Осиё учун барқарорлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Илмий нуқтаи назардан қараганда, биз минтақавий ҳамкорликнинг янги модели пайдо бўлаётганига гувоҳ бўлаяпмиз, бунда Марказий Осиё давлатлари тобора субъектив роль ўйнай бошлади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг саммитдаги иштироки бу жараёнда Ўзбекистоннинг нафақат миллий манфаатларини, балки Евроосиёнинг янги геоиқтисодий ва геосиёсий конфигурациясини шакллантиришга ҳисса қўшиш истагини ҳам акс эттиради.
Шу нуқтаи назардан, Остонада бўлиб ўтган саммит минтақавий интеграция учун янги уфқларни очади ва Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистоннинг бу жараёнларга қўшган ҳиссаси эса энг юқори баҳога лойиқдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари