Logo

Қозоғистондан муносабат: Ўзбекистон-Болгария муносабатларини янада мустаҳкамлаш учун салмоқли салоҳият мавжуд

Июнь 12, 2025. 11:53 • 2 дақ

49
Қозоғистондан муносабат: Ўзбекистон-Болгария муносабатларини янада мустаҳкамлаш учун салмоқли салоҳият мавжуд

ОСТОНА, 12 июнь. /"Дунё" АА/. "Евроосиё сиёсати институти" ахборот-таҳлил маркази раҳбари Максим Крамаренко "Дунё" АА учун интервьюсида Болгария Президенти Румен Радевнинг 9-11 июнь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда ички ва ташқи сиёсатда салмоқли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Катта Евроосиё минтақасида геосиёсий ўзгаришлар жадаллашиб бораётган бир пайтда икки давлат ҳам икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини намоён этмоқда.

Болгария Президенти ташрифининг асосий натижаси икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма декларациянинг имзоланиши бўлди. Ушбу ҳужжат ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб беради, уни тузади ва энг муҳими, эпизодик ҳамкорликдан тизимли шерикликка ўтишни кўрсатади.

Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишнинг муқобил йўлларини қидирмоқда. Ривожланган денгиз порти инфратузилмаси билан Болгария истиқболли альтернативдан биридир.

Болгария, ўз навбатида, Шарқ билан иқтисодий алоқаларини диверсификация қилишдан манфаатдор. Ўзбекистон ташқи бозорга нафақат хомашё, балки юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар етказиб берувчи минтақадаги иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган давлат сифатида, одатда, Шарқий Европа давлатлари томонидан стратегик ҳамкор ўлароқ кўрилади.

Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик доирасида мамлакатда иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу валютани тартибга солишни ислоҳ қилиш, савдо тўсиқларини қисқартириш, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш ва инвесторларга 10 йилгача солиқ таътиллари беришни ўз ичига олади. Бу чора-тадбирлар Болгария ва Шарқий Европа капиталини Ўзбекистонга жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.

Шу боис София Тошкент билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирмоқда.

Президент Румен Радевнинг Тошкентга ташрифи ва имзоланган келишувлар Ўзбекистон-Болгария муносабатларини янада мустаҳкамлаш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини кўрсатди. Улар савдо, логистика, агросаноат комплекси, фармацевтика, рақамлаштириш ва туризм соҳаларида янги имкониятлар очмоқда.

Мунтазам икки томонлама алоқалар, транспорт йўналишларини ривожлантириш ва Ўзбекистон-Болгария ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилиши Катта Евроосиё доирасидаги интеграциянинг муҳим элементи бўлган икки давлат ўртасидаги шерикликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш