Шанхайдан муносабат: Ўзбекистон очиқлик ва кўп векторли ёндашув йўналишини намойиш этмоқда
Август 27, 2025. 10:50 • 3 дақ
• 51
ШАНХАЙ, 27 август. /"Дунё" АА/. Шанхай ижтимоий фанлар Академиясининг Россия ва Марказий Осиё давлатларини ўрганиш маркази профессори Пан Давэй "Дунё" АА учун интервьюсида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг 25-26 август кунлари Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи якунларини изоҳлади:

– Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик ва кўп йўналишлилик стратегиясини изчил амалга оширмоқда. Сўнгги йилларда Тошкент Яқин Шарқ давлатлари билан самарали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро платформалардаги фаол иштироки икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш учун муҳим восита бўлиб хизмат қилаяпти. Ушбу жараёнлар Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга замин яратаётир.
Ўзбекистон ва Иордания исломий цивилизациянинг муҳим марказлари сифатида халқаро майдонда ўзига хос ўрин эгаллайди. Тарихан Тошкент ислом илм-фани, маданияти ва таълимининг йирик маркази бўлиб келган, бунинг яққол далиллари сифатида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Бухорий, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Ибн Сино каби буюк олимларнинг номларини келтириш мумкин.
Амман эса ўз навбатида, муқаддас жойларнинг ҳимоячиси ва динлараро мулоқот маркази сифатида танилиб, анъаналар билан замонавий технологиялар ва иқтисодий тараққиётнинг уйғунлигини таъминлашда муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Иккала давлат ҳам Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаларида барқарорлик ва ривожланиш жараёнларини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнамоқда. Уларнинг сиёсий, маданий ва иқтисодий ҳамкорлиги минтақавий интеграция ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланмоқда. Иордания фармацевтика ва кимё саноати, тўқимачилик ишлаб чиқариши, шунингдек, ўғитлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича кучли саноат салоҳиятига эга. Мамлакат фосфат ва калий захиралари билан машҳур бўлиб, уларнинг экспорти иқтисодиётда муҳим аҳамият касб этади.
Хитойда Иордания Подшоҳининг Ўзбекистонга биринчи расмий ташрифи тарихий воқеа сифатида қабул қилиниб, икки томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани юксак баҳоланмоқда. Икки давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилган саноат кўргазмаси, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича келишувлар, визасиз режимни жорий этиш, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир битимлар икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва турист оқимини ошириш учун катта имкониятларни очмоқда.
Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, энергетика каби соҳалардаги ҳамкорлик алоҳида эътиборга лойиқ. Иордания компаниялари Ўзбекистондаги инфратузилма лойиҳаларида иштирок этишга фаол қизиқиш билдирмоқда, бу эса мамлакат иқтисодиётини модернизация қилишнинг янги истиқболларини очмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳар икки давлатнинг "Бир макон, бир йўл" ташаббусидаги фаол иштироки нуқтаи назаридан янги, глобал миқёсга эга бўлаётган транспорт ва логистика соҳаси ҳамкорликнинг муҳим йўналиши бўлиши мумкин. Иордания денгиз ипак йўлининг асосий тугунидир, Ўзбекистон эса Марказий Осиёдаги қуруқлик йўлакларининг маркази ҳисобланади. Бу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлик Осиё, Африка ва Европани боғловчи "Бир макон, бир йўл" лойиҳаси фалсафасига тўлиқ мос келадиган интеграциялашган трансконтинентал логистика кўпригини яратиш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари