Logo

Мадриддан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга ташрифи ўзаро ҳурмат, мулоқот, тараққиёт ва тинчлик намунасидир

Июль 05, 2025. 13:03 • 3 дақ

71
Мадриддан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга ташрифи ўзаро ҳурмат, мулоқот, тараққиёт ва тинчлик намунасидир

МАДРИД, 5 июль. /"Дунё" АА/. ЮНЕСКОнинг "Ипак йўллари" халқаро дастури президенти, Халқ партияси депутатлари конгрессининг собиқ аъзоси Хосе Марии Чикийо (Испания) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2-4 июль кунилари Озарбайжонга буюрган давлат ташрифи ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ташриф, шубҳасиз, замонавий дипломатик амалиётда ёрқин воқеа ва стратегик шериклик муносабатларини реал мазмун билан тўлдиришнинг намунаси бўлди.

Аввало, икки давлат раҳбарларининг нафақат сиёсий ва иқтисодий масалаларга, балки гуманитар-маданий соҳага ҳам эътибор қаратгани мени ҳайратда қолдирди. Бу халқлар ўртасидаги маънавий яқинлик, тарихий алоқалар муҳимлигини чуқур англаганидан далолат беради.

Боку шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси янги биносининг тантанали очилиш маросими ташрифнинг энг рамзий дақиқаларидан бири бўлди. Бинонинг ўзи миллий ўзликни ҳурмат қилиш тимсолига айланди: заллар Ўзбекистон вилоятлари номи билан аталди ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан дўстлик ва ҳамжиҳатлик белгиси сифатида улардан бирига Қорабоғ номи берилади. Бу шунчаки дипломатик ишора эмас – бу ўзаро ишончни мустаҳкамловчи, бир-бирининг тарихий туйғулари ва анъаналарига юксак ҳурмат-эҳтиромни намоён этувчи маданий кўприкдир. Элчихонада дипломатлар фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигини барча даражадаги мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бокунинг энг истиқболли ҳудудларидан бири – "Оқ шаҳар" мавзесида "Ўзбекистон" боғи қурилишининг бошланиши ҳам аҳамиятли бўлди. 4,5 гектар майдонни эгаллаган ушбу лойиҳа нафақат дам олиш маскани, балки маданий алмашинув майдонига ҳам айланади. Миллий ўзбек меъморчилиги элементларини, меъморий ёдгорликларни, ям-яшил хиёбонларни қайта тиклаш, шунингдек, меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар объектлар яратиш режалаштирилган. Бу шунчаки боғ эмас – бу очиқ осмон остидаги маданият элчихонаси бўлиб, унда Озарбайжон аҳолиси ва меҳмонлари Ўзбекистоннинг бой тарихи, анъаналари ва эстетикаси билан танишишлари мумкин. Давлат раҳбарларининг пойдевор қўйишда шахсан иштирок этиши, маънавий-маданий интеграциянинг янги босқичи бошланганидан дарак берувчи капсула қўйиш жуда рамзий маънога эга.

Бундан ташқари, иқтисодий соҳада – товар айирбошлаш ва сармояларни бир миллиард долларга етказиш, ҳамкорликнинг янги форматларини йўлга қўйиш, "яшил" энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича эришилган келишувлар ҳар икки давлатнинг барқарор ривожланишига қаратилган узоқни кўзлаган режаларини намойиш этади.

Транспорт алоқалари ва Ўрта йўлакни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор стратегик фикрлаш ва кенгроқ Евроосиё интеграциясига йўналтирилганлиги ҳақида гапиради, бундан нафақат Озарбайжон ва Ўзбекистон, балки Европа Иттифоқи мамлакатлари, жумладан, Испания ҳам наф кўради.

Илмий-маърифий нуқтаи назардан, ректорлар форумлари, парламентлараро учрашувлар, ёшлар тадбирлари муваффақиятли ўтаётгани айниқса қувонарлидир. Бу академик ҳамкорлик, талабалар ва олимлар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар учун мустаҳкам платформа яратади.

Умуман олганда, Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга ташрифи дипломатияни нафақат расмий музокаралар, балки инсоний ва маданий мазмун билан ҳам тўлдириш мумкинлигининг ишончли намунаси бўлди. Бу чуқур из қолдирадиган ва дунёнинг бошқа минтақалари учун намуна бўла оладиган ташриф – ўзаро ҳурмат, мулоқот, тараққиёт ва тинчлик намунасидир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш