Нидерландиядан муносабат: Ўзбекистон Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан алоқаларни фаол ривожлантирмоқда
Июнь 13, 2025. 15:41 • 3 дақ
• 74
АМСТЕРДАМ, 13 июнь. /"Дунё" АА/. Нидерландиялик ташқи сиёсат бўйича эксперт Филипп Вижерс "Дунё" АА учун интервьюсида Словакия Бош вазири Роберт Фицо ва Болгария Президенти Румен Радевнинг Ўзбекистонга буюрган расмий ташрифлари якунларини изоҳлади:
– Словакия Бош вазири Роберт Фицо ва Болгария Президенти Румен Радевнинг Тошкентга расмий ташрифлари билан Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим босқичга эришилди. Бу мамлакатингизнинг европалик шериклар билан ҳамкорлик алоқалари тобора ортиб бораётгани ва кўп векторли дипломатияга стратегик содиқлигини тасдиқлайди. Ташрифлар чоғида икки Европа мамлакати етакчилари Президент Шавкат Мирзиёев билан олий даражадаги музокаралар ўтказди, асосий эътибор кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва шерикликнинг янги асосларини яратиш масалаларига қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Роберт Фицо икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарган Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги муҳим қўшма декларацияни имзоладилар. Давлат раҳбарлари савдо, сармоя, инновациялар, қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш каби кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар. Иккала томон ҳам савдо-сотиқни диверсификация қилиш истагини билдирди. Ўзбекистон тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва электротехника ускуналарини экспорт қилишга тайёр, Словакия эса саноат маҳсулотлари, жумладан, автомобиль бутловчи қисмлари ва фармацевтика маҳсулотларини таклиф қилди.
Қонуний меҳнат миграцияси, маданий-гуманитар алмашинув ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинди. Техник жиҳатдан тартибга солиш ва квант стандартлари лабораториясини ишга тушириш бўйича келишувлар имзоланди, бу инновациялар ва савдодаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича умумий мажбуриятни намойиш этади. Бош вазир Роберт Фицонинг тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши ташрифнинг иқтисодий йўналишини таъкидлади.
Президент Румен Радев ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан ўзаро савдони кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тоғ-кон саноати ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича музокаралар ўтказди. Давлат раҳбарлари, шунингдек, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва умумий фаровонликка йўналтирилган туризм ва маданий-гуманитар алмашинувлар истиқболларини муҳокама қилдилар.
Узоқ муддатли ҳамкорликка асос соладиган икки томонлама битимлар пакети имзоланди. Президент Румен Радев, шунингдек, Болгариянинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси билан иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканлигини кўрсатадиган тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этди.
Ушбу олий даражадаги ташрифлар Ўзбекистон стратегик ҳамкор сифатида Европа Иттифоқи билан алоқаларни кучайтираётган, Россия ва Хитой билан анъанавий мустаҳкам муносабатларини тўлдираётган бир паллага тўғри келмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан алоқаларни фаол ривожлантирмоқда, Европага ташқи сиёсат архитектурасининг муҳим учинчи устуни сифатида қарамоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол иштироки ва Ўзбекистоннинг Самарқандда бўлиб ўтган тарихий ва муваффақиятли "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" саммитига мезбон сифатидаги роли бу йўналишнинг ёрқин мисолидир. Саммит сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш мақсадида илк бор Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи раҳбарларини бирлаштирди. Натижада қабул қилинган Самарқанд декларацияси савдо, сармоя, энергетика ва инновацияларга эътибор қаратган ҳолда стратегик ҳамкорлик асосларини белгилаб берди.
Ўзбекистоннинг ЕИ билан ҳамкорлиги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар орқали ҳам мустаҳкамланмоқда. Бу ислоҳотлар, барқарорлик ва барқарор ривожланишдан ўзаро манфаатдорликни акс эттиради.
ЕИнинг минтақадаги ортиб бораётган роли Ўзбекистонга иқтисодиётни диверсификация қилиш, технологик тараққиёт ва муҳим хомашёдан фойдаланиш учун янги имкониятлар очади, шу билан бирга мамлакатнинг улкан ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлайди.
Шу нуқтаи назардан Словакия ва Болгария раҳбарларининг ташрифлари Ўзбекистоннинг ЕИга нисбатан фаол дипломатияси билан биргаликда мувозанатли ва диверсификацияланган ташқи сиёсатнинг янги даври бошланганидан далолат беради.
Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда ЕИнинг қатор муҳим давлатлари, жумладан, Франция, Германия, Венгрия, Италия ва 2025 йил май ойида Словенияда расмий ташрифлар билан бўлди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ўзини Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк сифатида кўрсатиб, савдо, инновациялар ва маданий алмашувларда сезиларли натижаларга эришмоқда, халқаро майдонда динамик ва мустақил иштирокчи сифатидаги ролини мустаҳкамламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари