Польшадан муносабат: Ўзбекистон Президенти жуда фаол, ташаббускор ва замонавий сиёсий етакчи
Июль 24, 2025. 09:50 • 3 дақ
• 44
ВАРШАВА, 24 июль. /"Дунё" АА/. "Польша–Осиё" савдо-саноат палатаси президенти, Польшанинг собиқ иқтисодиёт вазири ва Бош вазир ўринбосари Януш Пехочинский "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Польша халқи Ўзбекистон ҳақида ва мамлакатда амалга оширилаётган инвестициялар тўғрисида жуда яхши билади. Чунки Ўзбекистон бугун нафақат Марказий Осиё минтақасининг етакчи давлати, балки бутун минтақа учун сиёсий ва дипломатик жиҳатдан муҳим ўрин эгаллаган мамлакатдир. Бунинг устига иқтисодий ўсиш соҳасидаги муваффақиятлари эътиборга лойиқ. Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичдан уч баробар юқори. Бу эса халқаро вазият мураккаб бўлган, савдо ва иқтисодий алоқаларда қийинчиликлар бўлган бир пайтда юз бермоқда.
Бу шубҳасиз, Ўзбекистон раҳбарияти тўғри ва самарали қадамлар қўяётганини кўрсатмоқда. Шу билан бир қаторда, Европа Иттифоқи билан Самарқанддаги саммит, АҚШ, Россия, Хитой, Туркия, Озарбайжон ва Осиё ҳамда МДҲ давлатлари билан учрашувлар, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги роли ошиб бораётганини тасдиқлайди.
Ўзбекистон бугун Хитой, Россия ҳамда Осиё ва Европа ўртасидаги муҳим логистика марказига айланмоқда. Бу фақат сармоялар эмас, балки муҳим инфратузилмавий лойиҳалар ҳамдир. Жумладан, Шимолий Покистон орқали Афғонистондан Марказий Осиёга, кейин эса Европага олиб борадиган транзит йўналишлар борасидаги ташаббусларни мисол тариқасида айтиш мумкин.
Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Транскаспий йўлаги орқали экспорт қилишни жадаллаштириш учун замонавий юк кемаларини харид қилмоқда. Туркий давлатлар саммити ҳам шу нуқтаи назардан алоҳида аҳамиятга эга.
Президент Шавкат Мирзиёев жуда фаол, ташаббускор ва замонавий сиёсий етакчи. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим шахсдир. Давлатингиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатда иқтисодий ўсиш барқарорлашмоқда, инфляция даражаси пасаймоқда, ишбилармонлик муҳити яхшиланмоқда. Бу ўз навбатида, хорижий инвесторларнинг қизиқишига сабаб бўлаяпти.
2025 йилнинг биринчи ярмида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 18 миллиард доллардан ошгани ҳам шундан далолат беради. 10 -12 июнь кунлари Тошкентда ўтказилган IV Тошкент Халқаро инвестиция форумида жаҳоннинг иқтисодий етакчилари иштирок этди ва энергетика, транспорт, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш соҳасидаги янги имкониятлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг халқаро савдо кўрсаткичлари ўсиб бормоқда. Фақат пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари эмас, балки янги металл ва хомашё ресурслари, жумладан, олтин бозоридаги иштирок ҳам фаоллашди. Энг муҳими, хизматлар соҳаси, IT соҳаси, ахборот технологиялари, автомобилсозлик ва қуёш ҳамда гидроэнергетика йўналишлари жадал ривожланмоқда.
Энди эса Ўзбекистон атом энергетикаси соҳасига киришга интиляпти. Бу мамлакат раҳбариятининг узоқни кўзлаган, хавфсиз ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамидир. Бу янги бозорларга чиқиш ва халқаро капитал жалб қилиш имкониятларини очади.
Мана шу ўсишнинг асосий омили — бу Ўзбекистон раҳбариятининг доимий ислоҳотлари, бизнесга яратилган имкониятлар ва ўзбек халқига хос менталитетдир. Бу жиҳатлар 1990 йиллардаги Польшага ўхшайди. Биз ҳам шундай руҳ билан иқтисодий ислоҳотларни бошлаб, бугун Европа Иттифоқида иқтисод бўйича олтинчи, дунёда эса йигирманчи ўринга чиқдик.
Польша ва Марказий Осиё, айниқса Ўзбекистон билан алоқаларимизда катта салоҳият бор. Польша – Европа Иттифоқига чиқишда Ўзбекистон учун қулай хаб бўла олади. Ўзбекистоннинг экспорти, юк ташиш салоҳияти, Ипак йўли доирасидаги алоқалари шуни кўрсатади. Бу йўл фақат Хитой маҳсулотлари учун эмас, балки Марказий Осиё, биринчи навбатда, Ўзбекистон маҳсулотлари учун ҳам очиқдир.
Шунинг учун мен 2025 йилнинг иккинчи ярмига катта ишонч билан қарайман. Биз дўстона муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон фуқароларининг Польша саноатида ишлаш имкониятларини кенгайтириш устида ишлаяпмиз.
Бу борада "Польша–Осиё" савдо-саноат палатасининг махсус "Ўзбекистон" бўлими жуда фаол иш олиб бормоқда. Бўлимга раҳбарлик қилаётган Шоҳрух Раҳматов Германия ва Польшада Ўзбекистон манфаатларини фаол илгари сурмоқда.
Умид қиламизки, 2025 йил охиригача Польша ва Ўзбекистон расмийлари даражасида олий даражадаги учрашув бўлиб ўтади. Президент Шавкат Мирзиёев Польшага ташриф буюрадими ёки янги сайланган Польша Президенти Тошкентга борадими — бу дўстона муносабатларимизга янги саҳифа очади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари