Logo

“vesti.az”: 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбойжонда ўтказиладиган U-20 Жаҳон чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Декабрь 18, 2025. 11:52 • 4 дақ

128
	“vesti.az”: 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбойжонда ўтказиладиган U-20 Жаҳон чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

БОКУ, 18 декабрь. /“Дунё” АА/. Нуфузли “vesti.az” нашрида таниқли озарбайжонлик сиёсатшунос ва журналист, “Жанубий Кавказ” сиёсатшунослар клуби раҳбари Ильгар Велизаденинг 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбойжонда ўтказиладиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги U-20 Жаҳон чемпионати ҳақида таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, институционал тайёргарлик босқичидаёқ бўлажак турнир оддий спорт тадбири доирасидан ташқарига чиқиши ва Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон учун стратегик аҳамият касб этиши аён бўлди.

U-20 жаҳон чемпионати тарихда илк бор бир вақтнинг ўзида икки мамлакатда ўтказилиши рамзий маънога эга бўлиб, бу нафақат Боку ва Тошкент ўртасидаги ўзаро ишончнинг юқори даражасини, балки сўнгги йилларда изчил мустаҳкамланиб бораётган муносабатларнинг иттифоқчилик хусусиятини ҳам ифодалайди.

“Ўзбекистон бугунги кунда оммавий спортни ривожлантиришда юқори натижаларни кўрсатмоқда. Буни Париж–2024 Олимпия ўйинлари ҳам яққол тасдиқлади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 13 та Олимпия медалини қўлга киритди, улардан 8 таси олтин. Умумий медаллар рейтингида 13-ўринни эгаллаб, мамлакатнинг Олимпиадалардаги иштироки тарихида энг яхши натижани кўрсатди. Ўзбекистонлик боксчилар 5 та олтин медални қўлга киритди. Кураш, дзюдо ва оғир атлетика бўйича эришилган натижалар ҳам  эътиборга молик”, – дея фикр билдирилган мақолада.

Бу муваффақиятлар тизимли давлат сиёсатининг бевосита натижаси бўлди: мамлакатда юзлаб спорт мактаблари ва академиялари очилди, олимпия захиралари тармоғи кенгайтирилди, оммавий спорт таълим тизимига узвий равишда киритилди.

Бир вақтнинг ўзида Озарбайжон Миллий олимпия қўмитасига раҳбарлик қилаётган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги ютуқларини юқори баҳолади, чунки у замонавий спорт инфратузилмасини шакллантириш жараёни қанчалик мураккаб ва узоқ давом этишини ўз тажрибасида яхши билади.

Озарбайжонда ўнлаб йиллар давомида олиб борилган мақсадли ишлар натижасида мамлакатда 40 дан ортиқ замонавий олимпия спорт мажмуалари барпо этилди, юзлаб спорт клублари ва болалар-ўсмирлар мактаблари, ихтисослаштирилган футбол академияларининг кенг тармоғи яратилди. Ушбу тизимли инвестициялар аллақачон сезиларли таъсир кўрсатди: Озарбайжон спортчилари Олимпия ўйинлари ва йирик халқаро турнирларда барқарор муваффақиятли иштирок этмоқда, “Қорабоғ” футбол клуби эса еврокубокларнинг гуруҳ босқичларида мунтазам иштирок этиб, Озарбайжоннинг UEFA Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида ўйнаган биринчи клуби сифатида тарихга кирди.

Бошқа томондан, турнирнинг биргаликда ўтказилиши Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги узоқ муддатли устуворликнинг мос келиши, сиёсий ёндашувларнинг яқинлиги ва маданий-тарихий маконнинг умумийлигига асосланган яқинлашувнинг умумий мантиғига мос келади.

Сиёсий фаоллик, олий даражадаги мулоқотлар, иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани шароитида спорт стратегик шерикликнинг яна бир муҳим йўналишига айланмоқда. Бунда у нейтрал майдон сифатида эмас, балки ўзаро ишончнинг чуқурлиги ва иттифоқчиларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан мураккаб халқаро лойиҳаларни амалга ошириш қобилиятини яққол намойиш қилувчи восита сифатида намоён бўлади.

Материалда айтилишича, U-20 жаҳон чемпионатига ҳар икки мамлакатда ўсмирлар футболининг барқарор ривожланиши алоҳида аҳамият касб этади. Озарбайжонда замонавий спорт инфратузилмаси шакллантирилган, футбол академиялари тармоғи изчил кенгайиб бормоқда, юқори даражадаги мусобақаларни ўтказиш бўйича катта тажриба тўпланган.

Ушбу тажриба нафақат халқаро турнирларни ишонч билан қабул қилиш, балки ёш футболчиларни тайёрлашнинг барқарор тизимини яратиш имконини берувчи узоқ муддатли ресурс сифатида қаралади. Шунга ўхшаш жараёнлар Ўзбекистонда ҳам ривожланмоқда, бу ерда футбол давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди ва амалга оширилган ислоҳотлар аллақачон ёшлар ва ёшлар даражасида сезиларли натижалар бермоқда.

Эътиборлиси, бугунги кунда ўзбекистонлик футболчилар юқори жисмоний тайёргарлиги, интизоми ва универсаллиги билан талабгор бўлган Европанинг топ-5 чемпионатларида, Туркия, Россия, Эрон, Саудия Арабистони, БАА, Жанубий Корея ва Япония клубларида ўйнамоқда.

“2027 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати юқори даражада ташкил этилиши ёш авлоднинг спортга бўлган қизиқишини оширади, инфратузилма ва турдош тармоқларни ривожлантиради. Шу билан бирга, Боку ва Тошкент ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг сифат жиҳатидан янги даражага кўтаради. Айнан шундай лойиҳалар барқарор шерикчилик пойдеворини шакллантиради, унда спорт шунчаки мусобақа эмас, балки ривожланиш стратегияси, халқаро позиция ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим элементига айланади”, – дея хулоса қилинган мақолада.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш