Logo

Тожикистондан муносабат: ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва шериклик майдони бўлиб қолмоқда

Сентябрь 03, 2025. 12:21 • 2 дақ

53
Тожикистондан муносабат: ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва шериклик майдони бўлиб қолмоқда

ДУШАНБЕ, 3 сентябрь. /"Дунё" АА/. Тожикистон Миллий фанлар академияси Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими Виктор Ким "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 31 август – 1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги иштироки ҳақидаги фикрларини билдирди:

– 2025 йил сентябрь ойининг биринчи кунларидан бошлаб Тяньцзинь шаҳрида ўтказилаётган ШҲТ саммити ва Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантаналар бутун жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини тортган йирик ва муҳим сиёсий воқеа бўлмоқда. Ютуқлар, натижалар, прогнозлар ҳақида кўп айтилади. Аммо шу билан бирга, тарихни алоҳида шахслар яратишини тушуниш керак.

Ва, энг аввало, етакчилардан бири, ШҲТга аъзо давлатлар ҳақида гапириш керак. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев – ислоҳотчи Президент, халқ Президенти. Унинг изчил, мантиқий ўзаро боғлиқ сиёсати ички сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам ижобий натижаларга эришиш имконини берди. Буни унинг ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисларида сўзлаган нутқларида ҳам кўришимиз мумкин.

У Тяньцзинда Ўзбекистоннинг муаммоларни биргаликда ҳал этишга қаратилган ва ривожланиш истиқболларини яққол намоён қилган ташаббусларини илгари сурди.

Ўзбекистон етакчиси, аввало, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларда "Шанхай руҳи" мавжудлигини буюк Конфуцийнинг "Ўзингни қарор топтириш, бошқаларга ёрдам бериш, муваффақиятга интилиш, бошқаларнинг муваффақиятига ҳисса қўшиш" деган ҳикматли сўзлари орқали тасдиқлади. Жаҳондаги хавфсизлик масалаларига тўхталиш, ШҲТнинг ядровий хавфсизлик йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш декларациясини қабул қилишни таклиф қилган Шавкат Мирзиёевга муаммоларга глобал қараш ҳамиша хосдир.

Жаҳон иқтисодиётидаги мавжуд тенденциялар фонида Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда. Ўзбекистон раҳбари, аввало, ШҲТнинг улкан маконининг транспорт-транзит салоҳиятидан "Шимол-Жануб" ва "Шарқ-Ғарб" йўналишларида фойдаланиш муҳимлигига эътибор қаратади. Шу билан бирга, у Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятига эга Марказий Осиё ҳудуди орқали жанубий йўналишда йўлакларни ривожлантиришга алоҳида урғу беради.

Президент Шавкат Мирзиёев замонавий иқтисодиётнинг ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолда, яна бир муҳим устувор йўналиш – ШҲТни "яшил" трансформациялаш соҳасидаги шерикликни кенгайтиришга эътибор қаратди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзиндаги саммитининг муҳим якуни сифатида Тошкентда ШҲТ МАТТ негизида доимий фаолият юритувчи орган – аъзо давлатлар хавфсизлигига хавф ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича универсал марказни ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Унинг қошида ШҲТ Ахборот хавфсизлиги маркази ҳам ташкил этилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш