Туркиядан муносабат: Ўзбекистон ташқи сиёсат маконини изчил кенгайтириб бормоқда

Июль 11, 2026. 10:00 • 3 дақ

135
Туркиядан муносабат: Ўзбекистон ташқи сиёсат маконини изчил кенгайтириб бормоқда

АНҚАРА, 11 июль /“Дунё” АА/. Туркиядаги Россия ва МДҲ давлатлари тадқиқотлари институти (RUSEN) директори, профессор Салиҳ Йилмаз “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 июль кунлари Беларусга амалга оширган расмий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Халқаро сиёсатда ҳар қандай давлат ташрифи ҳам катта воқеага айланавермайди. Уларнинг аксарияти маълум сценарий асосида ўтади: тантанали маросимлар, ўзаро илтифотлар, биргаликда суратга тушиш ва тез орада унутиладиган келишувлар. Бироқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга ташрифини бундай баҳолаб бўлмайди.

Ўзбекистон етакчисининг ташқи дипломатик фаолияти ортида муҳим тамойил кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон ўз ташқи сиёсати қамровини изчил равишда кенгайтирмоқда. Бугунги Тошкент Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги геосиёсий танлов мантиғи асосида иш кўрмаяпти. У бошқача йўл тутмоқда: қаерда ўзаро манфаат бўлса, ўша ерда ҳамкорлик пайдо бўлади.

Стратегик шериклик тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши, шубҳасиз, ташрифнинг асосий воқеасидир. Бироқ ушбу декларацияни айсбергнинг учи сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу ҳужжат асосида режалаштирилаётган чора-тадбирлар эса анча қизиқарли. Гап саноат кооперацияси ва қишлоқ хўжалигидан тортиб, таълим, фан, рақамли технологиялар ҳамда ижтимоий сиёсатгача бўлган ўнлаб йўналишлар ҳақида кетмоқда. Бошқача айтганда, муносабатлар тизимли тус олмоқда.

Бу каби шериклик алоқалари негизида ўзбек дипломатиясининг янги фалсафаси намоён бўлмоқда. Бир неча йил аввал бундай ташрифлар асосан сиёсий қўллаб-қувватлаш намойиши сифатида қабул қилинган бўлса, бугунга келиб улар иқтисодий ривожланиш воситасига айланмоқда. Ҳар бир сафар аниқ натижа бериши шарт: янги инвестициялар, бозорлар, иш ўринлари ва бизнес учун зарур имкониятлар.

Ўзбекистон фуқароларини Беларусда тегишли қонун-қоидалар асосида ишга жойлаштириш тўғрисидаги келишув ҳам диққатга сазовор. Бугунги кунда кўплаб мамлакатлар нафақат сармоя, балки инсон ресурслари учун ҳам рақобатлашмоқда.

Шунингдек ўқинг

Беларусда кадрлар танқислиги кузатилаётган бўлса, Ўзбекистон ёш ва малакали мутахассислар салоҳиятига эга давлатдир. Агар бу механизм самарали ишга тушса, ҳар икки томон ҳам ютади.

Ўзбекистон–Беларусь экспертлар кенгашининг тузилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу ташаббус сиёсий етакчилар белгилаб берган йўналишларни илмий-амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилади, экспертлар ҳамжамияти эса уни аниқ мазмун билан тўлдиради.

Туркияда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолияти диққат билан кузатиб борилмоқда. Тошкент нафақат халқаро алоқалар кўламини кенгайтиришга, балки бундан ҳам муҳимроқ мақсадни кўзлаётгани тобора аён бўлмоқда.

Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Минскка амалга оширган ташрифини алоҳида дипломатик воқеа сифатида эмас, балки Ўзбекистоннинг узоқ муддатли стратегиясидаги навбатдаги қадам сифатида баҳолаш лозим. Бугун юртингиз минтақавий жараёнларнинг оддий иштирокчиси эмас, балки уларнинг меъморига айланишга ҳаракат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш