Logo

Япониядан муносабат: Ўзбекистон Президентининг жаҳон минбарида қилган нутқи халқаро жамоатчилик учун муҳим аҳамиятга эга

Сентябрь 30, 2025. 12:27 • 3 дақ

106
Япониядан муносабат: Ўзбекистон Президентининг жаҳон минбарида қилган нутқи халқаро жамоатчилик учун муҳим аҳамиятга эга

ТОКИО, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. Япония ижтимоий-сиёсий ва илм-фан доиралари вакиллари "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқи ҳақидаги фикрларини билдирди.

Ясутоши Нишимура, Япония Либерал-демократик партияси юқори палатаси депутати, Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси бош котиби:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида нутқ сўзлаб, дунё давлатларини ўзаро ҳамкорлик, очиқ мулоқот ва узоқ муддатли стратегик шерикликни ривожлантиришга чақирди. Бу нутқ, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва глобал масъулиятни уйғунлаштиришда Ўзбекистоннинг аҳамиятли ролини янада равшан намоён этди.

Япония Ўзбекистонни муҳим стратегик ҳамкор сифатида қарашда давом этади. Умид қиламанки, Япония ва Ўзбекистоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари глобал муаммоларни самарали ҳал этишда сезиларли ҳисса қўшади ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради.

 Фумихико Като, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, "Япония-Ўзбекистон" дўстлик жамияти раиси, Япония нефть миллий федерацияси раиси ўринбосари-ижрочи директори:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи, Марказий Осиёда етакчи роль ўйнайдиган давлат раҳбари сифатида, ишонч, мақсадлилик ва стратегик қарашларга тўла бўлди.

Нутқда Президент мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон демократик жамият, қонун устуворлиги ва барқарор ривожланиш мақсадларига интилаётган "яшил" жамиятни барпо этишга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди. Бу ютуқлар ва мамлакатнинг келгуси стратегиялари Президент Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлик маданияти ва глобал сиёсий фикрлаш қобилиятини яққол намоён этади.

Ўзбекистон Президенти минтақавий ва глобал муаммоларга ҳам қатъий муносабат билдирди. Ғазо секторида "икки давлат — икки халқ" тамойилини қўллаб-қувватлаши, Украина инқирозида эса дипломатик йўл билан муаммони ҳал қилиш аҳамиятини таъкидлаши бежиз эмас. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш тарафдори экани аниқ ва равшан ифода қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг мамлакат етакчиси сифатида ўз позициясини очиқ ва қатъий ифода этиши менда катта таассурот қолдирди.

 Ўзбекистон етакчисининг жаҳон минбарида қилган нутқи халқаро жамоатчилик учун муҳим аҳамиятга эга бўлди, деб ҳисоблайман. Бу нутқ унинг халқаро аренадаги етакчилик қобилияти, стратегик фикрлаш ва минтақавий ҳамда глобал масъулиятни уйғунлаштириш салоҳиятини яққол намоён этади.

Ёхэй Ишикава, Япониянинг "NIKKEI" газетаси бош муҳаррири ва Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси бўйича эксперт:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббуслар билан танишиб чиқдим. Таъкидлаш жоизки, нутқда "Янги Марказий Осиё" ва "Янги Ўзбекистон" ғоялари асосий стратегик тамойил сифатида белгилаб берилган. Нутқда айниқса минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда минтақавий интеграция орқали Янги Марказий Осиё ва Янги Ўзбекистонни шакллантириш масаласи алоҳида урғуланган.

Президент ўз нутқида глобал аҳамиятга эга долзарб муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистоннинг аниқ ва амалий ташаббусларини илгари сурди. Ушбу ташаббуслар орасида БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш, сув ресурсларини барқарор ва биргаликда бошқариш, қуролли тўхтовни таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, яшил энергия ва сунъий интеллектни ривожлантириш ҳамда Афғонистон масаласи алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал сиёсий майдонида масъулиятли ва фаол иштирокчи сифатидаги роли мустаҳкамланишини кўрсатади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбари кўп қутбли дунё шаклланаётган бугунги глобал контекстда Марказий Осиё давлатлари ва бошқа ривожланаётган мамлакатларнинг халқаро сиёсат ва глобал муаммоларни ҳал этишдаги иштироки ва ташаббусларини юқори баҳолаш зарурлигини қатъий таъкидлади.

Умуман олганда, Ўзбекистон Президентининг нутқи стратегик фикрлаш, глобал ва минтақавий сиёсий масалаларга муносабат ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсий майдонидаги роли ҳақида қатъий ва равшан қарашларни акс эттирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш