Хитойдан муносабат: Тошкент ва Исломобод минтақавий интеграция механизмларини шакллантиришда катта имкониятга эга
Февраль 07, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 110
ШАНХАЙ, 7 февраль. /“Дунё” АА/. Шанхай глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академияси директори, профессор Ян Чэн “Дунё” АА учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари ҳақида фикр билдирди:
– Ташриф изчил фаоллашиб бораётган Ўзбекистон–Покистон мулоқотининг мантиқий давоми ва айни пайтда Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга қаратилган ташқи сиёсий стратегиясини амалга оширишда муҳим босқич бўлди.
Тошкент ва Исломобод минтақавий интеграция ва биргаликдаги иқтисодий ўсишнинг барқарор механизмларини шакллантириш учун ноёб салоҳиятга эга.
Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистоннинг географик жойлашувига таркибий чеклов сифатида эмас, балки стратегик чақириқ ва геоиқтисодий амалга ошириш имконияти сифатида қараш керак. Шу нуқтаи назардан, Покистон Арабистон денгизига чиқиш имкониятига, Карачи ва Гвадар каби муҳим портларга эга бўлиб, Ўзбекистон учун глобал савдо йўналишларига истиқболли киришни таъминлайди.
Давлат раҳбарлари стратегик мулоқот ва кенг кўламли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам сиёсий асос яратиб, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва амалий ташаббусларни илгари суришда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.
Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги муносабатлар юксак даражада эканини давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган саммитлари ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Ушбу учрашувлар икки томоннинг савдо-иқтисодий, энергетика, саноат, таълим, маданият, туризм ва одамлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни қамраб олган кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган интилишини намойиш этди.
Давлат ташрифи доирасида Қўшма декларация ва Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги протоколнинг имзоланиши икки мамлакат ўртасида барқарор иқтисодий кўприкни шакллантириш учун мустаҳкам институционал асос яратади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги, электротехника, геология, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, бошқа қатор истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларнинг салмоқли портфели шакллантирилган.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги демографик ва иқтисодий тафовутлар бир-бирини тўлдирувчи ҳамкорлик учун шароит яратади. 300 миллионга яқин аҳолига эга бўлган умумий бозор нафақат катта истеъмол салоҳиятини, балки қудратли инсон капиталини ҳам ифодалайди. Боғлиқликнинг чуқурлашуви минтақадаги энг йирик меҳнат ва интеллектуал кластерлардан бирининг шаклланишига олиб келиши мумкин.
Икки томонлама кун тартибида савдо ва иқтисодий интеграцияни ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ҳолда, ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилишдан объектив манфаатдор, Покистон эса дунёдаги энг муҳим денгиз савдо йўллари чорраҳасида жойлашган. Шу маънода, Гвадар порти минтақавий логистика ва транзит учун катта имкониятлар очади.
Ушбу салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқариш учун Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган Трансафғон транспорт йўлаги доирасида Афғонистон орқали қуруқликдаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш принципиал аҳамиятга эга. Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш нафақат иқтисодий ўсишга, балки минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга, бизнес, логистика ва бозорлар интеграцияси учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон бу борада ички ва ташқи бозорларга тезкор, ишончли ва хавфсиз чиқишни таъминлайдиган муҳим транзит бўғини ҳисобланади. Шу маънода, Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш, минтақанинг иқтисодий географиясини тубдан ўзгартиришга қодир бўлган “Покистон–Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” транспорт йўлагини илгари суриш алоҳида аҳамият касб этади.
Маданий-гуманитар соҳадаги тизимли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари алоҳида эътиборга лойиқ. Исломобод шаҳридаги кўчалардан бирига “Тошкент” номини бериш ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғни ташкил этиш ташаббуслари икки мамлакат халқлари ўртасида тарихий хотира, маданий яқинлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилишда муҳим рамзий маънога эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
