Logo

Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари бугунги кунда шаклланаётган транскаспий макони архитектурасининг тизим ҳосил қилувчи қисмидир

Февраль 20, 2026. 17:19 • 5 дақ

126
Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари бугунги кунда шаклланаётган транскаспий макони архитектурасининг тизим ҳосил қилувчи қисмидир

БОКУ, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Кеча мамлакатимизнинг Бокудаги элчихонасида “Ўзбекистон - Озарбайжон: иттифоқчилик ҳамкорлиги архитектураси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Муҳокамада Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг етакчи таҳлил марказлари ва тадқиқот муассасалари экспертлари, жумладан, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) вакиллари иштирок этди.

Иштирокчилар Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолати, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, транспорт ва энергетика йўлакларини ривожлантириш, шунингдек, таълим, фан, маданият ва рақамли трансформация соҳаларидаги ҳамкорлик салоҳиятини муҳокама қилдилар. Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларига қўшилишининг стратегик аҳамияти, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг минтақавий ўзига хослиги ва минтақалараро боғлиқлигини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбати Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги экспертлик ҳамкорлигининг юксак даражасини намоён этиб, икки мамлакатнинг иттифоқчилик муносабатлари Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақавий архитектурасининг стратегик элементи эканлигини тасдиқлади ҳамда иқтисодий, маданий ва технологик кооперация учун узоқ муддатли истиқболларга эга эканлигини кўрсатди.

 Анжуманда сўзга чиққан СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатдан тубдан ўзгарганини таъкидлади. 2017-йилдан бошлаб стратегик шерикликдан тўлақонли иттифоқчилик муносабатларига ўтилди.

Агар илгари ўзаро алоқалар асосан эпизодик характерга эга бўлиб, амалдаги конъюнктурага боғлиқ бўлган бўлса, бугунги кунда у юксак даражадаги институционал ва стратегик даражага етди.

Унинг сўзларига кўра, “бу трансформация Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати ва кенг кўламли ислоҳотлари, шунингдек, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг стратегик йўли туфайли амалга оширилди. Айнан уларнинг стратегик қарашлари, шахсий етакчилиги ва ишончли мулоқоти яқинлашувнинг асосий омилига айланди”.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён жами 22 та олий даражадаги ўзаро ташрифлар амалга оширилгани, уларнинг ярмидан кўпи сўнгги саккиз йилга тўғри келгани таъкидланди. Давлат раҳбарлари йилига бир неча марта кўп томонлама платформаларда ҳам мунтазам учрашиб турадилар. 2017-2025-йилларда 200 га яқин олий ва юқори даражадаги ташрифлар ва учрашувлар, жумладан, Бош вазирлар, вазирлар ва парламент делегациялари учрашувлари бўлиб ўтди.

“2024-йилда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши узоқ муддатли манфаатларимизнинг мос келиши, асосий халқаро масалалар бўйича ўзаро қўллаб-қувватлаш ва хавфсизлик, иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш соҳасидаги сиёсатни мувофиқлаштиришга тайёрлигимизни тасдиқлаган сифатли босқич бўлди”, - дея тушунтирди эксперт.

Акромжон Неъматов мамлакатлар ўртасидаги мулоқотни институционаллаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “2023-йилда Олий давлатлараро кенгаш тузилган бўлиб, унинг биринчи йиғилиши 2024-йил августда, иккинчиси эса 2025-йил июльда бўлиб ўтди. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида, 2024-йилдан бошлаб эса Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиб келинмоқда, ҳукуматларнинг иқтисодий блоклари фаол ҳамкорлик қилмоқда. Иккинчи йўналиш платформаси сифатида Экспертлар кенгаши ишга туширилди”.

Бундан ташқари, СМТИ вакили таъкидлаганидек, икки томонлама мулоқот янада кенгроқ форматларга интеграциялашган. Булар: Ўзбекистон–Озарбайжон–Туркия, Ўзбекистон–Озарбайжон–Туркманистон уч томонлама учрашувлари, Ўзбекистон–Қозоғистон–Озарбайжон энергетика шериклиги, шунингдек, ТДТ, МДҲ ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришдир. “Моҳиятан, икки томонлама муносабатлар минтақавий ҳамкорлик архитектурасининг таянч қисмига айланди”, — дея ҳисоблайди эксперт.

Парламентлараро ва бизнес-мулоқотга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Акрамжон Неъматовнинг сўзларига кўра, “биргина сўнгги уч йил ичида 20 дан ортиқ юқори даражадаги парламентлараро мулоқотлар бўлиб ўтди. 2025-йилда Хива шаҳрида Биринчи парламентлараро форум ташкил этилиб, Хива декларацияси ва Амалий чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Мамлакатларимиз парламентлари иттифоқчиликни қонунчилик йўли билан қўллаб-қувватлаб, ташқи сиёсатнинг фаол субъектига айланмоқда. Бизнес-мулоқотни институционаллаштириш муҳим воситага айланди: 2020-йилдан буён Қўшма ишбилармонлар кенгаши фаолият юритмоқда, ҳукуматлараро комиссия 2017-йилдан кейин бешта йиғилиш ўтказди”.

Эксперт иқтисодий ҳамкорликнинг муваффақиятларини таъкидлади. Хусусан, 2017-йилдан буён товар айирбошлаш ҳажми 9,5 баробарга - 32,4 миллион доллардан 2025-йилда 300 миллион доллардан ошди, ўртача йиллик ўсиш суръати 32-34 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон экспорти 8 баробарга, Озарбайжондан импорт 16 баробарга ошди, бунда товар гуруҳлари сони камида икки баробарга кенгайди. Хомашё моделидан савдо таркибини диверсификациялашга ўтиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушининг аста-секин ўсиб бориши кузатилмоқда.

Таъкидланишича, ҳамкорлик аста-секин савдодан инвестиция ва ишлаб чиқариш кооперациясига ўтмоқда: Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги тахминан 280 та корхона фаолият юритади. 2023-йил феврал ойида 500 миллион долларлик устав капиталига эга қўшма инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисида шартнома имзоланди, бу эса машинасозлик, энергетика, енгил саноат ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди.

СМТИ вакили минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, “уч бора минтақа форуми (Тошкент, Губа, Боку) ўтказилди, шаҳарлар ва вилоятлар ўртасида биродарлик алоқалари тўғрисида ўнлаб шартномалар имзоланди. Фақат сўнгги икки йил ичида жуфт ҳудудлар сони 4 тадан 11 тага кўпайиб, Ўзбекистон ҳудудининг 80 фоизини ва Озарбайжоннинг асосий иқтисодий ва маданий марказларини қамраб олди. Биз давлатлараро мулоқотнинг вертикал моделидан маҳаллий ҳокимият органлари ва бизнесни ўз ичига олган ҳудудлараро шерикликнинг тармоқ моделига ўтмоқдамиз. Транзит ташувларининг 2,1 баробар ўсиши, авиақатновларнинг фаол ривожланиши (ҳафтасига 14 та мунтазам қатнов) ҳамда яқин ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларнинг шаклланиши алоҳида эътиборга лойиқдир”.

Эксперт маданий-гуманитар ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. “Маданият кунлари, кинофестиваллар, кўргазмалар ва медиа форумлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Биргина сўнгги тўрт йилда 40 га яқин қўшма маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилди. Айниқса, 2025-йилда 130 дан ортиқ делегациялар иштирокида ўтказиладиган биринчи ОТМ ректорлари форуми эътиборга молик бўлиб, бу умумий таълим маконининг шаклланаётганини кўрсатади”, - деди Акрамжон Неъматов.

Эксперт ўз нутқида икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни рағбатлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва одамлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш бўйича истиқболли ташаббусларни қайд этди.

СМТИ вакили замонавий иттифоқчилик стратегик прагматизм, тарихий-маданий яқинлик ва узоқ муддатли модернизация мақсадларининг мос келишига асосланишига эътибор қаратди. “Иттифоқчилигимиз ҳеч кимга қарши қаратилмаган. У барқарорликни мустаҳкамлаш, транспорт, энергетика ва гуманитар ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, шаклланаётган кўп қутбли дунёда давлатларимизнинг субъективлигини оширишга қаратилган. Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари бугунги кунда шаклланаётган транскаспий макони архитектурасининг тизим ҳосил қилувчи қисми ҳамда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ туташишининг таянч нуқтасидир”, - дея хулоса қилди Акрамжон Неъматов.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш