Logo

Япониядан муносабат: Тошкент ва Исломобод саноат кооперацияси ва қўшилган қиймат занжирларини яратишга эътибор қаратмоқда

Февраль 07, 2026. 12:20 • 2 дақ

79
Япониядан муносабат: Тошкент ва Исломобод саноат кооперацияси ва қўшилган қиймат занжирларини яратишга эътибор қаратмоқда

ТОКИО, 7 февраль. /“Дунё” АА/. Япониянинг Ривожланаётган иқтисодиётлар институти фахрий профессори Манабу Шимизу “Дунё” АА учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари ҳақида фикр билдирди:

– Давлат ташрифини ишонч билан икки томонлама муносабатларнинг анъанавий дипломатик шериклик шаклидан чуқур иқтисодий ва геостратегик интеграция босқичига сифат жиҳатидан ўзгарганини англатувчи муҳим воқеа, деб таърифлаш мумкин.

Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилиши ушбу ўтишнинг асосий белгиси бўлди. Бу эса амалда икки давлат раҳбарларининг мулоқотини институционализация қилади ва уни икки томонлама кун тартибини бошқаришнинг тизимли механизмига айлантиради.

Имзоланган 30га яқин ҳужжат ва шакллантирилган 3,5 миллиард долларлик инвестиция портфели таҳлили Тошкент ва Исломобод шаҳарлари саноат кооперацияси ва қўшилган қиймат занжирларини яратишга катта эътибор қаратаётганидан далолат беради.

Айниқса, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш ва фитосанитария чекловлари каби нотариф тўсиқларни бартараф этиш ҳисобига товар айирбошлаш ҳажмини ҳозирги 500 миллион доллардан 2 миллиард долларга етказиш бўйича улкан мақсадга эришиш мумкин.

Ташриф якунлари бўйича логистика кластери алоҳида эътиборни тортади, у, шубҳасиз, Ўзбекистон–Покистон яқинлашувининг таянч нуқтаси ҳисобланади.

Трансафғон темир йўли лойиҳасини жадаллаштириш ва “Покистон–Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” йўлагини ривожлантиришга эътибор қаратиш, порт хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар Ўзбекистоннинг Покистон портлари орқали Жаҳон океанига чиқиш йўлларини диверсификация қилишга интилишини кўрсатади. Бу эса мамлакатнинг географик изоляциясини бартараф этиш учун жуда муҳимдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш