2025 йилда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард доллардан ошди
Июль 28, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 167
БИШКЕК, 28 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2025 йилда 1,2 миллиард АҚШ долларидан ошди, яқин келажакда эса томонлар уни 2 миллиард долларга етказиш ниятида, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, бу ҳақда бугун Бишкекда иш бошлаган Ўзбекистон–Қирғизистон бизнес-форумида Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Инвестициялар бўйича миллий агентлик раҳбари Равшанбек Сабиров маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, тегишли вазифани Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари белгилаб берган.
“Агар қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйсак, саноат кооперациясини ривожлантирсак ва биргаликда учинчи мамлакатлар бозорларига чиқсак, бу вазифага анча тезроқ эришишимизга ишончим комил. Бугунги кунда Ўзбекистон Қирғизистон учун инвестиция соҳасидаги асосий стратегик шериклардан биридир”, – деди Равшанбек Сабиров.
“Кабар”нинг ёзишича, бизнес-форум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи арафасида Бишкекда бўлиб ўтмоқда.
Форумда иқтисодиётнинг тоғ-кон саноати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика, тўқимачилик саноати ва гидроэнергетика каби асосий тармоқлари вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир доирасида, B2B форматидаги учрашувлар ҳам режалаштирилган бўлиб, уларда Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари товарларни тўғридан-тўғри етказиб бериш ва қўшма корхоналар ташкил этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, 28–29 июль кунлари Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Талантбек Солтобоев Қирғизистон ҳудудида қурилаётган “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўлининг асосий объектларида бўлиб, қурилиш ишларининг бориши билан танишмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси