Қирғизистон ёнилғи импорти бўйича бир қатор давлатга мурожаат йўллади, улар сафида Ўзбекистон ҳам бор

Июль 02, 2026. 22:00 • 2 дақ

87
Қирғизистон ёнилғи импорти бўйича бир қатор давлатга мурожаат йўллади, улар сафида Ўзбекистон ҳам бор

БИШКЕК, 2 июль. /“Дунё” АА/. Қирғизистон ёнилғи-мойлаш материаллари барқарор етказиб берилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон ва Туркманистон давлат идораларига расмий мурожаат йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қирғизистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, ушбу чора мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини кафолатлаш ва ички бозорни барқарор таъминлашга қаратилган комплекс ҳаракатлар доирасида қабул қилинган. Айни пайтда ёнилғи етказиб беришни диверсификация қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокаралар давом этмоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, республикада ёнилғи-мойлаш материалларининг етарли захиралари шакллантирилган бўлиб, аввал тузилган шартномаларга мувофиқ, етказиб бериш ишлари доимий асосда амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, нефтнинг жаҳон нархлари ошиши, Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик ва халқаро логистикадаги хатарлар ички бозорга ўз таъсирини кўрсатишда давом этмоқда.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати нефть маҳсулотларининг ички ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш чораларини кўрмоқда. Нефтни қайта ишлаш корхоналари раҳбариятига бензин ва бошқа турдаги ёнилғи ишлаб чиқаришни кўпайтириш топширилган, бозордаги вазият ва нархлар даражаси эса давлат идораларининг доимий назоратидадир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш