Ўзбекистон энергетикаси: ислоҳотларнинг янги босқичи – инвестициялардан бошқарув самарадорлиги сари

Июль 27, 2026. 20:00 • 5 дақ

82
Ўзбекистон энергетикаси: ислоҳотларнинг янги босқичи – инвестициялардан бошқарув самарадорлиги сари

ТОШКЕНТ, 27 июль. /“Дунё” АА/. Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида энергетика тармоғида бошқарув ва масъулиятни кучайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Унинг фикрича, йиғилиш Президент томонидан мамлакат энергетика мажмуасини чуқур модернизация қилиш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Аввалги босқичларда асосий вазифа мавжуд қувватлар тақчиллигини бартараф этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий инфратузилмани яратишдан иборат бўлган бўлса, бугунги кунда асосий эътибор қонуний равишда соҳани бошқариш самарадорлигини ошириш, энергия таъминоти ишончлилигини таъминлаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар амалда ҳис этадиган натижаларга эришишга қаратилмоқда.

Эксперт сўнгги йилларда энергетика соҳасида кўлами жиҳатидан мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилганини қайд этди. Амалда хусусий капитални жалб қилиш, халқаро шерикликни кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишга асосланган соҳани ривожлантиришнинг янги модели шакллантирилди.

Ислоҳотлар бошлангунига қадар энергетика тармоғи асосан чекланган давлат ресурслари ҳисобидан ривожланган, электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларининг доимий тақчиллиги ва инфратузилманинг юқори даражада эскиргани эса иқтисодий ўсишни чеклаб келган эди. Сўнгги йилларда вазият тубдан ўзгарди.

Хусусий ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилиши натижасида соҳага 23 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинди. Бу умумий қуввати 9,5 ГВт бўлган янги электр станцияларини ишга тушириш ҳамда иқтисодиёт ва аҳолининг ички эҳтиёжларини қоплашга етарли электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини шакллантириш имконини берди.

Ўзбекистонда янги йўналиш — қайта тикланувчи энергетика тармоғининг шакллантирилгани муҳим ютуқлардан бири бўлди. Сўнгги йилларда АСВА Повер, Масдар каби халқаро компаниялар ва бошқа стратегик инвесторлар иштирокида йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди. Ислоҳотлар бошлангунига қадар қайта тикланувчи энергия манбалари асосида саноат миқёсида электр энергияси ишлаб чиқариш деярли мавжуд бўлмаган бўлса, бугунги кунда “яшил” энергетика соҳа ривожининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланди. Бу энергия манбаларини диверсификация қилиш, табиий газга қарамликни камайтириш ва мамлакатнинг узоқ муддатли энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, 2030 йилга бориб умумий электр энергияси ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш бўйича стратегик мақсадга эришиш учун мустаҳкам замин яратилди.

Энергетика инфратузилмасини кенг кўламда модернизация қилиш ишлари ҳам параллель равишда амалга оширилди. Электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ҳамда газ тақсимлаш объектларини янгилашга қарийб 30 триллион сўм йўналтирилди. Бу аввалги 25 йил давомида мазкур йўналишларга ажратилган маблағлардан олти баробар кўпдир.

Шу тариқа, мамлакат нисбатан қисқа даврда энергетика қувватлари тақчиллигини бартараф этишдан замонавий инфратузилма базасини шакллантиришгача бўлган муҳим босқични босиб ўтди. Келгусида иқтисодий ўсишни таъминлаш, саноатлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва инвестицияларни жалб қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Шу билан бирга, йиғилиш мавжуд муаммоларнинг ниҳоятда очиқ ва танқидий тарзда қўйилгани билан ажралиб турди. Президент бугунги кунда асосий муаммо молиявий ресурсларнинг етишмаслигида эмас, балки соҳани бошқариш сифатида эканини таъкидлади. Шу боис стратегик режалаштиришдан тортиб жойлардаги ишларни ташкил этишгача бўлган бутун тизим фаолияти самарадорлиги диққат марказида бўлди.

Шунингдек ўқинг

Хусусан, авария ҳолатларининг ҳамон юқори экани, тармоқларда электр энергиясининг катта миқдорда йўқотилиши, истеъмолни рақамли ҳисобга олиш тизимидаги камчиликлар, инфратузилмани модернизация қилиш суръатларининг энергия ресурсларига бўлган талаб ўсишига мос келмаётгани, шунингдек, айрим раҳбарларнинг ижро интизоми сустлиги принципиал жиҳатдан танқид қилинди. Президент электр энергиясидаги ҳар бир узилиш фуқаролар, тадбиркорлар ва умуман иқтисодиётга зарар етказишини, шу сабабли бундай ҳолатлар муайян мансабдор шахслар фаолияти самарадорлигининг кўрсаткичи сифатида баҳоланиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Айни пайтда мазкур муаммоларни ҳал этишга қаратилган тизимли ечимлар таклиф қилинди. Аввало, энергетикани ҳудудий бошқаришнинг янги моделига ўтиш назарда тутилмоқда. Янгийўл тумани мисолида ҳар бир ҳудуднинг энергетика балансини шакллантириш, аҳоли ва бизнес эҳтиёжларини батафсил таҳлил қилиш, тармоқ инфратузилмасини манзилли модернизация қилиш ҳамда замонавий рақамли бошқарув воситаларини жорий этишни назарда тутувчи комплекс механизм синовдан ўтказилади. Мазкур тажриба муваффақиятли синовдан ўтказилгач, мамлакатнинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.

Соҳани жадал рақамлаштириш ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлади. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш бўйича ихтисослаштирилган марказ ташкил этилади. Соҳа ходимлари учун самарадорликнинг ягона асосий кўрсаткичлари — КПИ жорий қилинади, энергия йўқотишлари, авариялар, дебиторлик қарздорлиги ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифати устидан назорат кучайтирилади. Шу тариқа, энергетика бошқаруви маълумотлар, таҳлил ва шахсий жавобгарликка асосланган сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилади.

Куз-қиш мавсумини барқарор ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. Газ таъминоти барқарор бўлмаган аҳоли пунктлари учун муқобил ечимлар ишлаб чиқиш, иситишнинг муқобил усулларидан фойдаланишни кенгайтириш, хусусий секторни кенгроқ жалб қилган ҳолда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда унинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Инсон капиталини ривожлантириш яна бир стратегик устувор йўналиш сифатида белгиланди. Президент энергетика соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш тизимини тубдан янгилаш, таълим дастурларини модернизация қилиш, дуал таълимни кенгайтириш ва халқаро тажрибани фаол жорий этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Бу қайта тикланувчи энергетика, рақамли технологиялар ва интеллектуал бошқарув тизимлари жадал ривожланаётган шароитда айниқса муҳимдир.

Умуман олганда, йиғилиш Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувига хос бўлган очиқ, танқидий ва якуний натижага йўналтирилган ёндашувини намоён этди. Сўнгги йилларда эришилган кенг кўламли ютуқларга қарамай, давлат раҳбари мавжуд муаммоларга холис баҳо бериш, раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш ҳамда энергия таъминоти ишончлилиги, кўрсатилаётган хизматлар сифати, аҳоли ва бизнеснинг қониқиш даражаси самарадорликнинг асосий мезони бўлган замонавий бошқарув моделига ўтишни таъминлашни талаб қилди.

Моҳиятан, ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмоқда. Унда устувор вазифа эндиликда янги объектларни қуришдан кўра, бутун энергетика тизимининг юқори самарадорлигини таъминлашдан иборат бўлади. Айнан шундай ёндашув сўнгги йилларда яратилган улкан инфратузилмавий салоҳиятни Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор рақобат устунлигига ҳамда унинг узоқ муддатли тараққиёти учун ишончли асосга айлантириш имконини беради.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш