9 февраль – Алишер Навоий таваллуд топган кун
Февраль 09, 2024. 07:26 • 2 дақ
• 890
ШАНХАЙ, 9 февраль /"Дунё" АА Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги арафасида ғазал мулки султонининг Шанхай шаҳридаги ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда мамлакатимизнинг Шанхай шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари, мазкур шаҳарда таълим олаётган ватандошлар қатнашди.
Алишер Навоий ҳайкали Хитойнинг энг нуфузли таълим муассасаларидан бири Шанхай университети ҳудудида 2017 йилда қад ростлаган. Ушбу ёдгорлик бугунги кунда нафақат мазкур олийгоҳ талабалари учун балки, хорижлик меҳмонлар, шу жумладан, Шанхай шаҳрига ташриф буюрган ҳар бир ватандошимиз учун севимли манзилга айланган. Хусусан, бундан бир неча кун аввал Тошкент ва Шанхай шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган тантанали тадбирлар доирасида ушбу шаҳарга келган бир қатор маданият, санъат арбоблари ушбу университетга ташриф буюриб, Алишер Навоий хотирасига эҳтиром кўрсатдилар.
Шанхай университети магистратура босқичи талабаси Муҳаммад Примов:
— Ҳар йили 9 февраль санаси буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таваллуд куни сифатида кенг нишонланади. Бугун биз Шанхай университети ҳудудида жойлашган Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун келдик. Навоий ғазал мулкининг султони ва ўзбек тилининг асосчиси сифати бутун дунёда тан олинади ва эъзозланади.
Ушбу буюк сиймо хотирасига бағишланган ҳайкалнинг айнан биз таҳсил олаётган олий билим юртида жойлашгани мен каби барча ўзбекистонликларга фахр туйғусини бағишлайди.
Шанхай университетининг 1-курс талабаси Валерия Пак:
— Алишер Навоий кўплаб девонлар, илмий асарлар ва рисолалар яратиш орқали жаҳон адабиёти ва маданияти учун мислсиз мерос қолдирган. Шунингдек, унинг улкан илмий-адабий мероси ҳозирги кунга қадар халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келмоқда.
Шанхай университети ҳудудида қад ростлаб турган ушбу маҳобатли санъат асарини буюк аждодимизнинг инсоният тараққиёти, жаҳон маданияти ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган улкан тарихий ҳиссасининг рамзий ифодаси, деб биламан.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси