Малайзияда ўтказилган Ўзбек тили ва маданияти куни турли олий ўқув юртлари талабларини бирлаштирди

Октябрь 29, 2026. 18:00 • 2 дақ

• 225
Малайзияда ўтказилган Ўзбек тили ва маданияти куни турли олий ўқув юртлари талабларини бирлаштирди
Малайзияда ўтказилган Ўзбек тили ва маданияти куни турли олий ўқув юртлари талабларини бирлаштирди
Малайзияда ўтказилган Ўзбек тили ва маданияти куни турли олий ўқув юртлари талабларини бирлаштирди
Малайзияда ўтказилган Ўзбек тили ва маданияти куни турли олий ўқув юртлари талабларини бирлаштирди

КУАЛА-ЛУМПУР, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда малайзиялик олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбек ёшлари иштирокида “Ўзбек тили ва маданияти куни – 2026” тадбирини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Малайзиянинг етакчи университетлари, жумладан, “Malaya”, “UCSI”, “IIUM”, “Xiamen” ва бошқа таълим муассасалари талаблари, шунингдек, Ўзбекистон жаҳон ёшлар ассоциациясининг Куала-Лумпур шаҳридаги вакиллари ҳамда Элчихона ҳузуридаги “Ўзбек тили дўстлари” клуби аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова тадбирни очиб берар экан, хорижда ўзбек тили ва миллий маданиятни асраб-авайлаш ҳамда тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди. У, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини батафсил тушунтирди.

Шу билан бирга, давлатимиз томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, сифатли таълим олиши ҳамда касбий жиҳатдан ривожланиши учун зарур шароитлар яратиш борасидаги давлат сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир дастуридан тақдимотлар, шеърият чиқишлари, “Заковат” интеллектуал ўйини, миллий рақслар ва ўзбек миллий таомлари билан танишиш ўрин олди. Интеллектуал беллашувда иштирокчилар ўз билим ва топқирлигини намойиш этдилар. Мусобақанинг биринчи туридаги илк саволни “Заковат” интеллектуал клуби президенти Абдурасул Абдуллаев онлайн тарзида йўллади.

Тадбир якунида фаол қатнашчилар, ташкилотчилар ҳамда интеллектуал ўйин ғолибларига эсдалик ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон жаҳон ёшлар ассоциациясининг бир нечта координаторларига махсус сертификатлар берилди.

Иштирокчилар хориждаги ёшлар ўртасида она тили, миллий анъаналар ва маданий меросни асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидладилар. Улар Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш