Шаҳло Козимова: Ўзбек тили Евроосиё халқлари ва маданиятлари ўртасида кўп асрлик алоқалар меросини ўзида мужассам этган
Октябрь 21, 2026. 20:30 • 3 дақ
• 112
ВАРШАВА, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Варшава университетининг Осиё ва Африка маданиятлари факультети ходими, Озарбайжоншунослик маркази раҳбари Шаҳло Козимова “Дунё” ААга берган интервьюсида Ўзбекистон халқини Ўзбек тили байрами куни билан муборакбод этди.
– Ўзбек тили тарихи туркий тилларнинг кўп асрлик ривожланиш босқичида муҳим аҳамият касб этади. Бу тилларнинг тараққиёти тил, илм-фан ва маданият соҳаларидаги қизғин алоқалар ҳамда ўзаро таъсирлар шароитида кечган.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Марказий Осиёнинг энг муҳим адабий тилларидан бири бўлган чиғатой тили алоҳида ўрин тутади. Унинг мероси замонавий ўзбек тили анъаналарининг муҳим бўғини бўлиб қолмоқда.
Таниқли турколог Янош Экман таъкидлаганидек, чиғатой тили XV–XVI асрларда ўз тараққиётининг чўққисига чиққан. Бироқ унинг аҳамияти бир минтақа ёки этник жамоа доирасида чекланиб қолмайди. У асрлар давомида Марказий Осиё ва Хуросоннинг зиёлилар ҳамда илмий муҳитини бирлаштирган минтақалараро ёзма адабиёт тили сифатида хизмат қилган.
Бу адабий анъананинг энг буюк намояндаларидан бири Алишер Навоийдир (1441–1501). Унинг ижоди ўша давр адабий маданиятида туркий тил мавқеини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаган.
Озарбайжон тарихи ва маданиятини ўрганишга қаратилган тадқиқотларим нуқтаи назаридан, ушбу адабий анъананинг ўғуз адабиётига кўрсатган таъсири алоҳида қизиқиш уйғотади. XV–XVI асрлар бўсағасида ижод қилган озарбайжон шоири Кишварий мероси бунга ёрқин мисол бўла олади.
Унинг девонида Навоий ғазалларига боғланган бешта тахмис сақланиб қолган. Мазкур шеърий шаклда аввалги асар байтлари учта янги мисра қўшиш орқали кенгайтирилади ва натижада асл байт билан биргаликда бешлик банд ҳосил бўлади. Бу тахмислар шарқий туркий ва озарбайжон адабий анъаналари ўртасидаги бевосита адабий мулоқотнинг муҳим далилидир.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларини қамраб олган Ўзбекистон бўйлаб сафарим давомида ушбу мамлакатнинг ниҳоятда бой ва ранг-баранг тил манзарасини бевосита ҳис қилиш имконига эга бўлдим. Айниқса, ўзбек тилининг ҳудудий шева ва лаҳжалари эътиборимни тортди: уларнинг талаффузи ва оҳанги кўп жиҳатдан менга бошқа туркий тилларни эслатди.
Тарихий шаҳарлар, хусусан, Бухоро ва Самарқандда тожик тили ҳанузгача фаол қўлланаётгани ҳам менда катта қизиқиш уйғотди. Бу тажриба туркий тиллар олами нақадар кенг ва хилма-хил экани, уларнинг эроний тиллар билан ўзаро алоқалари ва ёнма-ён яшаш тарихи қанчалик мураккаблигини чуқур англашимга ёрдам берди.
Чиғатой тилининг тарихий мероси ҳам, Ўзбекистоннинг замонавий лисоний ранг-баранглиги ҳам туркий тиллар тарихини бошқа тил ва маданиятлардан айри ҳолда ўрганиб бўлмаслигини эслатиб туради.
Ўзбек тили нафақат бой адабий анъаналар вориси, балки Евроосиё халқлари ва маданиятлари ўртасидаги кўп асрлик алоқалар меросини ўзида мужассам этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси