Эркинбой Маманазаров: Ўзбек тили кўплаб хорижликлар учун ҳам она тилига айланиб бормоқда
Октябрь 21, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 104
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети Ўзбек маданият маркази директори ўринбосари Эркинбой Маманазаров “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида халқимизни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан табриклади:
— Ҳурматли ватандошлар, азиз дўстлар!
Аввало, барча юртдошларни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
2014 йилдан буён Санкт-Петербургда яшайман. Университетда хитой тилидан дарс бераман, ўзбек тилини ўрганишни истаган барча учун Ўзбек маданият маркази қошида сўзлашув клубини юритаман. Дарсларимизда россиялик ва дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёшлар ҳам иштирок этади.
Уларнинг баъзилари Ўзбекистонга бориб, мамлакатимизни ўз кўзлари билан кўришни орзу қилса, бошқалари ўзбекистонлик дўстлари билан уларнинг она тилида мулоқот қилишни истайди.
Тажрибамдан кўриб турибманки, сўнгги йилларда ўзбек тилига бўлган қизиқиш сезиларли даражада ортиб бормоқда. Мен ўзбек тилини ўрганувчилар учун ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқаман ва уларни электрон китоб платформаларида эълон қиламан. Китобларимни сотиб олаётган ва улар ҳақида фикр-мулоҳазаларини қолдираётганлар сони йил сайин кўпайиб бормоқда.
Ўқувчилардан олаётган ҳар бир илиқ сўз ва савол ўзбек тилининг хорижда ҳам ўз мухлисларини топаётганининг яққол далилидир.
Бугунги кунда ўзбек тили нафақат биз учун, балки уни ўрганаётган кўплаб хорижликлар учун ҳам она тилига айланиб бормоқда. Она тилимизни дунёга танитишга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан мамнунман.
Ўзбек тили байрами барчангизга муборак бўлсин!
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси