АҚШда ўзбек ва қозоқ талабалари иштирокида маданий тадбир ўтказилди
Апрель 19, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 248НЬЮ-ЙОРК, 29 апрель. /“Дунё” АА/. АҚШдаги Yale университетида таҳсил олаётган Ўзбекистон ва Қозоғистонлик талабалар иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир давомида хорижлик талабаларга Ўзбекистон ҳамда Қозоғистоннинг тарихий-маданий мероси, миллий урф-одатлари ва анъаналари ҳақида маълумот берилди. Икки халқнинг миллий мусиқаси, рақс санъати намойиш этилиб, иштирокчиларга миллий таомлар тортиқ қилинди.
Шу билан бирга, Наврўз байрамининг икки халқ ўртасида тарихий аҳамияти хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мазкур маданий учрашув Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг АҚШдаги вакили ҳамда ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар кўмагида ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси вакилларининг таъкидлашича, сўнгги йилларда АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ижтимоий ва маданий-гуманитар жабҳаларда фаоллик кўрсатиб, ўзбек миллий қадриятларини хорижий аудиторияга кенг тарғиб қилиб келмоқда.
Тадбир ташкилотчилари бу каби хайрли ташаббусларни Американинг бошқа етакчи университетларида ҳам ташкил этиш, ўзбек-қозоқ талабалари ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамловчи лойиҳаларни кўпайтириш, миллий байрамлар ва урф-одатларимизни хорижда ҳам кенг тарғиб этишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

