Антониу Гутерриш: Зилзилалар муқаррар, аммо улар келтириб чиқарадиган вайронагарчиликлар муқаррар бўлмаслиги керак
Май 01, 2026. 17:25 • 5 дақ
• 170НЬЮ-ЙОРК, 1 май. / “Дунё” АА/. БМТ бош қароргоҳида илк бор 29 апрель – Халқаро зилзила қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида, ташкилот Бош Ассамблеяси резолюцияси билан таъсис этилган ушбу сана муносабати билан ташкил этилган тадбирда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иштирок этди.
“Зилзилалар муқаррар, аммо улар келтириб чиқарадиган вайронагарчиликлар муқаррар бўлмаслиги керак. Мақсадли ҳаракатлар ва эҳтиёткорлик туфайли биз ер қанчалик кучли силкинмасин, хавфсизроқ қишлоқлар ва шаҳарлар қуришимиз мумкин. Табиий офатларга чидамлиликка сармоя киритиш орқали қурбонлар хотирасини ёдга оламиз”, – дейди БМТ бош котиби.
Халқаро кун дастури доирасида Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан ҳамкорлар билан биргаликда учта йирик тадбир — юқори даражали форум, зилзила пайтида ҳаракат қилиш бўйича ўқув машғулоти ва хотира тадбири ўтказилди.
Марказий тадбир БМТнинг Табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича бошқармаси (UNDRR), шунингдек, Австралия, Гаити, Индонезия, Норвегия, Перу, Туркия, Чили ва Япония билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирда БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий ҳамжамият ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Форумда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Улуғбек Лапасов Халқаро куннинг таъсис этилиши нафақат хотира, балки табиий офатлар хавфини камайтириш сиёсатини мустаҳкамлаш, хавфсиз инфратузилмани ривожлантириш, тайёргарликни ошириш ва инклюзив тикланишни таъминлашга қаратилган амалий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
29 апрель куни Тошкентда БМТ Бош котибининг табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича махсус вакили Камол Кишор иштирокида юқори даражали тадбир ўтказилгани алоҳида қайд этилди.
Учрашувда амалий бирдамлик намунаси сифатида Ўзбекистоннинг 2023 йилдаги вайронкор зилзилалардан кейин Туркияга кўрсатган ёрдами эътироф этилди. Хусусан, Ўзбекистон томони Туркияга зудлик билан қидирув-қутқарув ва тиббий гуруҳларни юборди ҳамда Ҳатай провинциясида жабрланган оилалар учун турар-жой мажмуасини қуриш ва тиклаш лойиҳаларини амалга оширди.
Муҳокамалар давомида иштирокчилар Ўзбекистоннинг Халқаро кунни таъсис этиш ташаббусини юқори баҳолаб, уни глобал барқарорлик кун тартибига етакчилик қилаётган муҳим ҳисса сифатида қайд этди. Янги халқаро кун табиий офатлар хавфини камайтириш соҳасида тажриба ва амалий ечимлар алмашиш учун муҳим платформа яратгани таъкидланди.
Эрта огоҳлантириш, зилзилага чидамли қурилиш, аҳолининг тайёргарлигини ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Туркия, Япония, Гаити ва бошқа мамлакатларнинг зилзилага жавоб бериш ва қайта тиклаш бўйича миллий тажрибаси тақдим этилди.
Шу куни БМТнинг Қўриқлаш ва хавфсизлик департаменти, UCRB ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси билан биргаликда зилзила пайтида ҳаракат қилиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди. Тадбирнинг амалий қисми фавқулодда вазиятни моделлаштириш ва виртуал симуляцияни ўз ичига олди. Бу фавқулодда вазиятларда тайёргарлик ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлигини яққол намоён этди.
Дастур Индонезия, Япония ва UCRB билан ҳамкорликда ташкил этилган хотира тадбири билан якунланди.
Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов, Индонезиянинг доимий вакили Умар Ҳади ва Япониянинг доимий вакили Ямазаки Кадзуюки Халқаро зилзила қурбонларини ёд этиш кунини ўтказиш бўйича ўз фикрларини билдирди.
Иштирокчилар қурбонлар хотирасини бир дақиқалик сукут сақлаш ва шамлар ёқиш орқали ёд этиб, халқаро ҳамжамиятнинг бирдамлиги ва жамоавий масъулияти муҳимлигини таъкидлади.
Умуман олганда, ўтказилган тадбирлар БМТга аъзо давлатлар ва халқаро ҳамкорларнинг Ўзбекистон ташаббусига қизиқиши юқори эканини тасдиқлади. Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни ҳалок бўлганлар хотирасини табиий офатлар хавфини камайтириш ва глобал барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар билан боғлашда муҳим қадам бўлди.
БМТнинг Табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича бошқармаси Нью-Йорк офиси директори Паула Альбрито:
– Бугун дунё илк бор Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш кунини нишонламоқда. Айнан Ўзбекистон Чили ва Филиппин билан биргаликда БМТда ушбу муҳим мавзуни илгари суриб, 2025 йил 29 апрелда Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган ва ушбу янги халқаро хотира кунини таъсис этган резолюцияни тақдим этди. Бу ҳар куни зилзила хавфи остида яшайдиган жамоалар учун чуқур амалий аҳамиятга эга етакчилик намунасидир.
Резолюцияда икки асосий вазифа ўз аксини топган. Биринчиси – жабрланганларни қўллаб-қувватлаш, жумладан халқаро ёрдам, тиклаш ишлари ва узоқ муддатли руҳий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш.
Иккинчиси – зилзила хавфи ва уни камайтириш чоралари ҳақида хабардорликни ошириш. Бу икки вазифа ҳам кечиктириб бўлмайдиган аҳамиятга эга. Зилзилалар инсоният дуч келадиган энг ҳалокатли табиий таҳдидлардан ҳисобланади. 2023 йилда Туркия ва Суриядаги зилзилалар 55 мингдан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлди.
Жорий йил 28 март куни Мьянмада содир бўлган зилзилада ҳам минглаб одамлар ҳалок бўлди. Бу шунчаки статистика эмас – бу рақамлар ортида инсон тақдирлари ва оилалар турибди. Айнан шунинг учун Ўзбекистон бу масалани БМТ кун тартибига олиб чиқди.
Ушбу ташаббус орқали Ўзбекистон 29 апрель санасининг БМТ тақвимида Халқаро зилзила қурбонларини ёд этиш куни сифатида белгиланишига ҳисса қўшди. Бу дунё ҳамжамиятини хавфсиз ва барқарор қурилиш қилиш, хотира ва умумий масъулият тамойилларига ундайди.
Камол Кишорнинг Ўзбекистонга ташрифи табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Келгусида ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрмиз. Бу ташаббуслар “Sendai hadli” ҳадли дастури доирасида табиий офатлар хавфини камайтириш ва инсон ҳаётини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



