Истанбулдаги ватандошлар Қурбон ҳайитини биргаликда нишонлади

Май 29, 2026. 12:40 • 2 дақ

111
Истанбулдаги ватандошлар Қурбон ҳайитини биргаликда нишонлади
Истанбулдаги ватандошлар Қурбон ҳайитини биргаликда нишонлади
Истанбулдаги ватандошлар Қурбон ҳайитини биргаликда нишонлади

ИСТАНБУЛ, 29 май. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Фотиҳ туманидаги “Ўзбегим” ресторанида Қурбон ҳайити муносабати билан ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган ватандошлар учун хайр-эҳсон дастурхони ёзилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхона томонидан ташкил этилган тадбирда дипломатлар, ушбу шаҳар ва унинг атрофида яшаётган юртдошлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

Учрашувда Бош консулхона ходимлари мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва айниқса хорижда яшаётган ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хориждаги фуқаролар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда миллий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган ишлар алоҳида таъкидланди.

Тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги, миллатимиз бирдамлиги ҳамда бутун мусулмон оламига файзу барака тилаб дуо қилинди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган тадбир ватандошлар ўртасида меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилгани қайд этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш