Владивостокдаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига ҳайит дастурхони ёзилди
Май 29, 2026. 11:40 • 2 дақ
• 90ВЛАДИВОСТОК, 29 май. /“Дунё” АА/. Қурбон ҳайити муносабати билан Приморск ўлкасидаги “Д5 Инжиниринг” қурилиш корхонасида меҳнат қилаётган юздан ортиқ ватандошлар учун эҳсон дастурхони ёзилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир юртимизнинг Владивосток шаҳридаги бош консулхонаси ҳамда иш берувчи корхона раҳбарияти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашув давомида консуллик муассасаси дипломатлари сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни меҳр-оқибат, саховат ва бағрикенглик рамзи бўлган муборак Қурбон ҳайити билан самимий табриклади. Давлатимиз раҳбарининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида” қарори мазмун-моҳияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ҳамюртларга Бош консулхона томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Суҳбат чоғида Россия–Украина можароси билан боғлиқ вазиятларга аралашмаслик муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, ёшлар орасида диний экстремистик ғоялар таъсирига тушиш ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига жалб этилиш ҳолатлари ортиб бораётгани ҳақида огоҳлантирилиб, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хавфсиз меҳнат миграциясини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Шу билан бирга, мазкур соҳага оид сўнгги қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбир якунида меҳмонларга ўзбек миллий таомлари ва ош тортиқ қилинди. Юртдошлар ўзларига кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун Бош консулхона ҳамда корхона раҳбариятига самимий миннатдорлик билдиришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







