БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон раислигида ўрмонларни тиклаш, сув хавфсизлиги ва иқлим барқарорлигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Май 15, 2026. 18:25 • 4 дақ

84
БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон раислигида ўрмонларни тиклаш, сув хавфсизлиги ва иқлим барқарорлигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон раислигида ўрмонларни тиклаш, сув хавфсизлиги ва иқлим барқарорлигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон раислигида ўрмонларни тиклаш, сув хавфсизлиги ва иқлим барқарорлигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон раислигида ўрмонларни тиклаш, сув хавфсизлиги ва иқлим барқарорлигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

НЬЮ-ЙОРК, 15 май. /“Дунё” АА/. БМТ Ўрмонлар бўйича форумида Ўзбекистон раислигида “Ўрмонларни тиклаш, сув хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришига бардошлилик учун табиатга асосланган ечимларни илгари суриш” мавзусидаги махсус тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (ТМХИ), шунингдек, Франциянинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда форум раиси Исмаил Белен, Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Абдулкадир Полат, ТМХИ Ўрмон ва яйловлар бўлимининг катта дастур мувофиқлаштирувчиси Паула Прист, Швейцария Атроф-муҳит бўйича федерал идораси катта маслаҳатчиси Пьер-Андре Корде, Канада Ўрмон хизмати директорининг ўринбосари Меган Мастерс, Исроилнинг “Keren Kayemeth LeIsrael” жамғармаси халқаро алоқалар ва халқаро ташкилотлар бўйича директори Карин Болтон ва ушбу жамғарманинг Ўрмон департаменти раҳбари Гилад Островский, 40 дан ортиқ давлат дипломатлари ҳамда илмий доиралар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси таркибидан давлатимиз раҳбарининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳитдинов ҳамда Марказий Осиё чўлланишга қарши курашиш илмий маркази директори Шаҳриёр Нуруллоев ўрин олди.

Тадбирни очар экан, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Ўрмонларни барқарор бошқариш асосида ўрмонларни кўпайтириш ва қайта тиклаш бўйича ҳаракатлар декадаси” резолюциясини қабул қилинганини инобатга олиб, муҳокама қилинаётган кун тартиби долзарб эканини алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббус ўрмонларни қайта тиклаш ва ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш борасидаги глобал кун тартибини илгари суришда муҳим қадам бўлишини қайд этди.

Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йилда илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий ташаббусининг амалга оширилиши ҳақида маълумот берди. У мамлакатда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш чора-тадбирлари изчил кучайтирилаётгани, шунингдек, иқлим ўзгариши ва чўлланиш жараёнларига қарши курашишнинг илмий-таҳлилий механизмлари жорий этилаётганини таъкидлади.

Нутқ давомида Чўлланишга қарши кураш бўйича Марказий Осиё илмий марказини ташкил этиш, шунингдек, барқарор ривожланиш тамойилларига йўналтирилган “яшил” коллеж ва университетлар тармоғини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, 2026–2027 йилларда малакали ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш учун 14 та ихтисослаштирилган “яшил” техник коллежни ишга тушириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, ўрмонларни қайта тиклаш, сув хавфсизлиги ва иқлим барқарорлигини ошириш соҳаларида бир қатор ташаббусларни, жумладан, 2027–2036 йилларни БМТнинг Ўрмонлар экиш ва тиклаш ўн йиллиги деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни амалга ошириш бўйича Йўл харитаси тақдимотини ўтказди.

Шунингдек ўқинг

Тадбир иштирокчилари халқаро ҳамкорлик, илғор тажриба алмашиш ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари шароитида ўрмон экотизимларини тиклаш бўйича биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

БМТнинг Ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмаил Белен Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган “Яшил макон” кўкаламзорлаштириш дастурини алоҳида эътироф этди.

“Мен Ўзбекистонда бир неча бор бўлганман, жумладан, Орол денгизининг қуриган тубини бориб кўрганман ва у ерда юз бераётган кенг кўламли ижобий ўзгаришларга шахсан гувоҳ бўлдим”, – деди у. Шунингдек, ушбу ташаббус яқин келажакда мамлакатдаги ўрмонлар майдонини 10 фоиздан 15 фоизга, 2030 йилга бориб эса 30 фоизга етказишни назарда тутишини таъкидлади.

Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Абдулкадир Полат Ўзбекистоннинг кўкаламзорлаштириш ва ўрмон экотизимларини қайта тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда ўрмонларни тиклаш соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Руминиянинг “Меридиан” касаба уюшмалари миллий конфедерацияси бош котиби Думитру Форня Ўзбекистонни Марказий Осиёда кенг кўламли экологик ташаббусларни амалга ошириш бўйича етакчилардан бири сифатида тавсифлади.

“Агарда инсон манфаатлари ва атроф-муҳит муҳофазасига йўналтирилган ислоҳотлар ҳамда инвестицияларнинг ҳозирги суръати сақланиб қолса, Ўзбекистон “яшил” Марказий Осиё етакчисига айланишга қодир”, – дея қайд этди Руминия вакили.

Исроил вакили Гилад Островский Ўзбекистон халқаро ташаббусларни амалий мазмун билан тўлдираётган давлат сифатида намуна бўлаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакат тажрибаси бу каби ташаббусларнинг самарадорлиги бевосита уларни тайёрлаш сифатига ва изчил амалга оширилишига боғлиқлигини яққол тасдиқлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш