Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилади
Май 16, 2024. 18:59 • 3 дақ
• 236
АЛ-КУВАЙТ, 16 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Инвестициялар, савдо ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов бошчилигидаги мамлакатимиз делегация амалий ташриф билан Кувайтда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Кувайтда Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳиятига бағишланган кўргазма ва В2В форматидаги учрашувлар ташкил этилди.
Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Кувайт вазирлик ва идоралари расмийлари ҳамда йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар чоғида энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш материаллари, мeталлургия ва кимё саноати, туризм ва инфратузилма соҳаларидаги муҳим лойиҳалар хориж томонига тақдим этилди.
Хусусан, Кувайт Савдо ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Зияд Ан-Нажим билан кечган мулоқотда Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми икки давлат имкониятларига мос келмаслиги таъкидлади.
Томонлар Ўзбекистон ва Кувайт ҳукуматлари ўртасида ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолаш ҳамда икки давлат ўртасидаги экспорт ва импорт товарлари номенклатурасини диверсификация қилиш бўйича бир тўхтамга келдилар.
Кувайт савдо-саноат палатаси бош директори Рабаҳ ар-Рабаҳ билан бўлиб ўтган учрашув давомида тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни-сақлаш, туризм соҳаларида Ўзбекистон салоҳияти ва имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Музокаралар натижасида жорий йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида навбатдаги Ўзбекистон-Кувайт ишбилармонлари ўртасида бизнес-форум ва В2В учрашувларини ўтказишга келишилди.
"Kuwait Investment Co." (KIC) компанияси раҳбари Юсуф ал-Али билан музокаралар чоғида энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш материаллари, мeталлургия ва кимё саноати, туризм ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Ташриф давомида мамлакатимиз делегацияси Кувайт Саноат бўйича бош қўмитаси директори Муҳаммад ал-Адвани билан ҳам учрашув ўтказди. Унда саноат йўналишида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш, Ўзбекистон ва Кувайт ҳукуматлари ўртасида саноат соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолаш масалалари кўриб чиқилди.
Кувайт Инвестициялар бўйича бош қўмита ижрочи директори Ғаним ал-Ғаниман Ўзбекистон томони билан турли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Кувайт ҳукумати қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига катта аҳамият бермоқда. Шу боис, Инвестициялар қўмитаси ва сармоя компаниялари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги турли лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшишлари мумкин.
Учрашув якунида Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумотларни тақдим этиш ҳамда ўрганишлардан сўнг Кувайт қўмитаси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳни Ўзбекистонга юборишга келишиб олинди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари, шунингдек, Кувайт араб иқтисодий тараққиёти жамғармаси, "Kuwait Petrolium Corporation", "Al-Tijaria" холдинг компанияси, "Lulu Group International","Fouad Al-Ghanim and Sons Group of Companies", "Gulf Care Gen. Trad. Co." компаниялари раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича учрашувлар ўтказди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон делегациясининг Кувайтда олиб борган самарали музокаралари натижасида мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади