Покистоннинг йирик компанияси Янги Тошкентда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

Ноябрь 15, 2026. 17:00 • 2 дақ

• 22
Покистоннинг йирик компанияси Янги Тошкентда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

ИСЛОМОБОД, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Hashoo Group” компанияси раҳбари Муртаза Ҳашвони билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, Покистон компаниясининг Ўзбекистонда меҳмонхона бизнеси, туризм, кўчмас мулк ва қурилиш соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Покистон вакили Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, мамлакатнинг туризм салоҳияти, меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда истиқболли инвестиция таклифлари билан таништирилди.

Хусусан, Янги Тошкент шаҳрида амалга оширилиши кўзда тутилган меҳмонхона ва савдо мажмуаларига оид инвестиция лойиҳалари алоҳида таъкидланди.

Томонлар “Hashoo Group” компанияси иштирокида мамлакатимизда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, меҳмонхона бизнесини турар жой ва тижорат кўчмас мулк объектлари билан уйғунлаштирган ҳолда замонавий кўп функцияли мажмуаларни барпо этиш юзасидан фикр алмашди. Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари ва туристик ҳудудларида фаолият юритаётган меҳмонхоналарни бошқарувга олиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

“Компаниямизда меҳмонхоналарни бошқариш бўйича малакали мутахассислар жамоаси йиғилган. Бу борада Ўзбекистон томонидан тегишли таклифлар тақдим этилган тақдирда, уларни қисқа муддатларда ўрганиб чиқиб, амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз”, – деди Муртаза Ҳашвони.

Музокаралар давомида Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятлари, меҳмонхона ва кўчмас мулк бозори, хорижий инвесторларга тақдим этиладиган имтиёзлар ҳамда истиқболли лойиҳаларни батафсил ўрганиш мақсадида компания мутахассисларининг юртимизга бизнес-миссиясини ташкил этишга келишиб олинди.

“Hashoo Group” Покистоннинг 50 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган йирик бизнес гуруҳларидан бири ҳисобланади. Гуруҳ меҳмонхона бизнеси, кўчмас мулк объектларини қуриш ва бошқариш, туризм, ахборот технологиялари ҳамда тоғ-кон саноати соҳаларида фаолият юритади.

Ҳозирги кунда унинг тасарруфида “Pearl-Continental Hotels & Resorts”, “PC Legacy”, “Hotel One” ва “PC Residences” каби меҳмонхона брендлари бор.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш