БАА компаниялари Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда
Сентябрь 21, 2024. 11:09 • 2 дақ
• 127
АБУ-ДАБИ, 21 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ва Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан юртимиздаги қатор вазирлик ҳамда идоралар вакилларидан иборат делегациянинг Бирлашган Араб Амирликларига амалий сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур сафар Ўзбекистонда амалга оширилаётган хусусийлаштириш жараёнлари ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига БАА инвесторлари жалб этишга қаратилган "Роад шоу" тадбирларини ўтказиш мақсадида уюштирилди.
Ўзбекистон томони БААнинг "Al Ghurair investment", "RKH investment holdings", "AlNowais investments", "MBS Global" сингари йирик компаниялари ва "ADQ", "ADFD", "Mubadala investment company" суверен фондлари билан икки томонлама музокаралар ўтказилди.
Учрашувлар давомида устувор тармоқларда давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 30 миллиарддан ортиқ бўлган 63 та лойиҳа ҳамда хусусийлаштириш таклиф этилган 21 та объект тақдимотлари ташкил этилди.
Уларда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ юкини камайтириш, божхона тўловларини енгиллаштириш ва инвесторлар ҳуқуқларини қонунчилик билан ҳимоя қилиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимиз вакиллари, шунингдек, амалдаги лойиҳалар ҳолатини жадаллаштириш мақсадида БАА энергетика ва инфратузилма вазири, Инвестициялар вазирлиги раҳбарияти, Абу-Даби ва Дубай Савдо-саноат палаталари раҳбарлари билан мулоқот қилдилар.
Ташриф якунида Ўзбекистондаги энергетика, чиқиндини қайта ишлаш, таълим, коммунал хўжалик, ичимлик суви таъминоти, соғлиқни сақлаш ва аэропортларни бошқариш борасидаги хусусийлаштириш дастури ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этишга қизиқиш билдирган БААнинг 10 яқин компаниялари билан музокараларни давом эттиришга келишилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди