Буюк Британия компанияси геология соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда
Март 19, 2024. 09:19 • 53 сония
• 173
ЛОНДОН, 19 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон дипломатлари Буюк Британиянинг "Wardell Armstrong" компанияси директори Че Осмонд билан учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида рангли ва ноёб металларни қазиб олишда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда "Навоий кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамияти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Британия томони мамлакатимиз тоғ-кон саноатида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича тақдим этилаётган имтиёз ва имкониятлар билан таништирилди.
Че Осмонд Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. У, шунингдек, тоғ-кон саноати ва геология соҳасида минералларни ўрганиш, қазиш ишларини лойиҳалаштириш, объектлардаги қурилиш ишларини мувофиқлаштириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида "Wardell Armstrong" компанияси директорининг III Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирокини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
"Wardell Armstrong" 186 йиллик тарихга эга компания бўлиб, тоғ-кон соҳасида консалтинг, муҳандислик, лойиҳаларни моделлаштириш каби хизматларни кўрсатади. Ташкилот Африка, Шимолий ва Жанубий Америка, Марказий Осиёдаги 90 дан ортиқ давлатларда рангли ва ноёб металларни қазиш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди