Logo

Кобулда Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Август 06, 2025. 09:38 • 2 дақ

105
Кобулда Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

КОБУЛ, 6 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон савдо-саноат палатаси делегациясининг Кобул шаҳрига сафари доирасида Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форум ва B2B шаклидаги учрашувлар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Афғонистон савдо ва саноат вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий форумнинг очилиш қисмидаги нутқида, афғон халқини доимий тарзда қўллаб-қувватлаб келаётган Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматига миннатдорлик билдирди.

"Биз Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизга нисбатан оқилона ва дўстона сиёсатини юксак қадрлаймиз ва уни ҳеч қачон унутмаймиз. Давлатингиз раҳбарининг халқаро ҳамжамиятни Афғонистон билан ҳамкорлик қилишга доир чақирувлари бутун минтақанинг барқарорлиги ва тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этмоқда", – деди Нуриддин Азизий.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспорти илк бор 130 миллион АҚШ долларидан ошиб, 300 фоиз ўсишга эришди. Бундай натижага, Ўзбекистон ҳукуматининг темирйўл орқали юк ташиш учун афғон томонига тақдим этилган чегирмалар ва "Термиз–Ҳайратон" чегара пунктида яратилган қулай шароитлар ижобий таъсир кўрсатди.

Афғонистон томони Кобул ва Мозори-Шариф шаҳарларида очилган Ўзбекистон савдо уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Афғонистон савдо-саноат палатаси раиси Саид Карим Ҳошимий ўзбек ва афғон халқлари ўртасидаги тарихий дўстлик ва яқин қўшничилик ришталарини таъкидлади. "Ўзбекистон раҳбариятининг сиёсий иродаси ва амалий ҳаракатлари икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий алоқаларни фаол ривожлантиришга туртки бермоқда", – деди у.

Тадбир давомида томонлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бўлиб ўтган B2B шаклидаги учрашувларда эса қўшма лойиҳаларни амалга ошириш хусусида фикр алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш