Хитой компанияси Бухоро вилоятида маиший чиқинди ва оқава сувларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда
Ноябрь 19, 2024. 08:06 • 49 сония
• 162
ГУАНЧЖОУ, 19 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Хитойнинг етакчи "PK Envoronment Corp." компанияси бош менежери Юбин Вон билан онлайн шаклда учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар Ўзбекистон ҳудудларида чет эл капитали асосида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида уюштирилди.
"PK Envoronment Corp." компанияси Хитойнинг сув етишмовчилиги кузатилаётган ҳудудларида инновацион "яшил" технологиялардан фойдаланган ҳолда кичик, ўрта ва йирик қувватдаги қайта ишлаш иншоотларини қуриш тажрибасига эга.
Бош менежер Юбин Вон таъкидига кўра, компания томонидан амалга оширилган лойиҳалар экологик жиҳатдан хавфсиз бўлиб, маҳаллий аҳоли ва табиатга зарар етказмаслиги билан ажралиб туради.
Учрашув давомида Ўзбекистонда, хусусан Бухоро вилоятида маиший чиқиндилар ва оқава сувларни қайта ишлаш, уларни зарарсизлантириш орқали қайта ишлатиладиган сув ресурслари билан таъминлаш бўйича лойиҳани ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Вилоятнинг ушбу соҳадаги ҳолати ва истиқболларини ўрганиш мақсадида компания мутахассисларининг мамлакатимизга сафарини амалга оширишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси