Хориждаги ватандошлар “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида учрашувлар ўтказди
Ноябрь 20, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 1ТОШКЕНТ, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Давлатимиз байроғи қабул қилинган кун муносабати билан хорижда истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар иштирокида “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси томонидан Варшава шаҳридаги Вистула университетида ташкил этилган тадбирда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон давлат байроғининг тарихи ва рамзий мазмуни ҳақида маълумот берилди. Юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик, талабаларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди. Дастур доирасида викторина ташкил этилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари ташаббуси билан ташкил этилган учрашув ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Унда давлатимиз байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги кенг нишонланди.
Иштирокчилар тадбир давомида миллий давлат рамзларининг аҳамияти, миллий анъана ва қадриятлар, мамлакат мустақиллиги ва келажаги, хорижда яшаётган ватандошлар учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар хусусида фикр алмашди.
Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан ватандошлар иштирокида давлатимиз байроғи қабул қилинган кун муносабати билан учрашув ўтказилди.
Тадбир доирасида интеллектуал ўйин ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар давлат байроғининг яратилиш тарихи, рамзий маънолари, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид билимларини синовдан ўтказди. Беллашув якунида ғолиб жамоалар аниқланиб, уларга эсдалик совғалари берилди.
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан ушбу ҳудуддаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирокида “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида флешмоб ўтказилди. Ушбу лойиҳа кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Мазкур тадбирлар хорижда таҳсил олаётган ва истиқомат қилаётган юртдошларнинг миллий ўзлик ва Ватанга дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг тарихий хотираси ва миллий қадриятларга бўлган ҳурматини ошириш, ватандошлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва дўстона алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилди.
Иштирокчилар бундай ташаббуслар хориждаги ўзбек ёшларини бирлаштириш, уларнинг Ватан билан маънавий алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда миллий давлат рамзларига бўлган ҳурматини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



