Мисрнинг йирик бизнес вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюришга ҳозирлик кўрмоқда
Март 13, 2024. 11:20 • 2 дақ
• 338
ҚОҲИРА, 13 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев Миср савдо-саноат вазирининг биринчи ўринбосари Яҳё ал-Ватиҳ Беллаҳ билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат давомида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш, Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, мисрлик йирик тадбиркорларни мамлакатимизда амалга оширилаётган муҳим лойиҳаларда иштирокини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Миср томони Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти, хорижий сармоядорлар учун яратилган имкониятлар, тақдим этилаётган солиқ ва бошқа имтиёзлар билан танишди.
2023 йил февраль ойида Ўзбекистон Президентининг Қоҳирага амалга оширган олий даражадаги ташриф барча соҳаларда ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиққани алоҳида урғуланди. Олий даражадаги музокаралар ва ташриф давомида ўтказилган бизнес-форум натижасида эришилган келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича амалий ишлар кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, 2023 йил 26 октябрь куни Миср ишбилармонлари уюшмаси ҳузурида Миср-Ўзбекистон ишбилармонлари кенгаши ташкил этилди ва унинг илк йиғилиши ўтказилди.
Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистонга Мисрнинг йирик ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациянинг бизнес миссиясини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Делегация таркибидан текстиль, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон, кимё, молия, қурилиш, заргарлик ва бошқа соҳалардаги 17 та йирик компаниялар раҳбарлари ўрин олиши таъкидланди.
Музокаралар якунида Миср компанияларига Ўзбекистондан турдош салоҳиятли маҳаллий ҳамкорлар топиш ва ташриф кун тартибини белгилаш мақсадида онлайн шаклида учрашувлар ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси