Бекир Каражабей: Ўзбекистон Оролбўйини кўкаламзорлаштириш бўйича улкан саъй-ҳаракатларни намойиш этмоқда

Ноябрь 10, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 30
Бекир Каражабей: Ўзбекистон Оролбўйини кўкаламзорлаштириш бўйича улкан саъй-ҳаракатларни намойиш этмоқда

АНТАЛИЯ, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Туркия Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси директори Бекир Каражабей “Дунё” АА мухбирига COP31 доирасида ташкил этилган Ўзбекистон павильонидан олган таассуротлари ҳақида фикр билдирди:

– Ўзбекистонда бир неча бор бўлганман ва ҳар борганимда бу юртнинг ўзим учун янги қирраларини кашф этаман. Анталияда ташкил этилган Ўзбекистон павильони ўзига хослиги ва бой маданий мероси билан иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотади. Павильон юксак дид билан безатилган бўлиб, мамлакат қиёфасини муносиб акс эттирган. Уни яратишда иштирок этган ва ушбу лойиҳани амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшган барча инсонларга миннатдорлигимни билдираман.

Мамлакатингиздаги ҳамкасбларимиз билан ўрмон хўжалиги соҳасида муҳим ва истиқболли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Биз биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга оширяпмиз ва долзарб экологик вазифаларни ҳал этиш устида ишлаяпмиз. Келгусида ўзаро ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб, шериклигимиз янада мустаҳкамланишига ишончим комил.

Ўзбекистоннинг Оролбўйи, хусусан, ўта мураккаб табиий-иқлим шароитларида иш олиб борилаётган қумли ва қурғоқчил ҳудудларни кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътирофга лойиқ. Биз ушбу ташаббуслар билан шахсан танишиш ва эришилган натижаларни бевосита жойида кўриш имконига эга бўлдик.

Шунингдек ўқинг

Ушбу минтақа кенг кўламли саъй-ҳаракатларни, тизимли ёндашувни ҳамда машаққатли ва изчил меҳнатни талаб этади. Шу билан бирга, бу ерда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳаларни, айниқса, буталар ва қурғоқчиликка чидамли бошқа ўсимликларни экиш бўйича ташаббусларни юқори баҳолайман. Вақт ўтиши билан улар тупроқ ҳолатини яхшилаш, экотизимни тиклаш ва янада қулай табиий шароитларни шакллантиришга хизмат қилишига ишончим комил.

Бугунги саъй-ҳаракатлар истиқболда мазкур ҳудудларни дарахт-буталар қоплами ривожланган, янада барқарор яшил ландшафтларга айлантириш имконини беради. Бу эрозия жараёнларини сезиларли даражада камайтириш ва ерларнинг янада деградацияга учрашининг олдини олишга кўмаклашади.

Муҳими, амалга оширилаётган бу ишлар нафақат экологик, балки бутун минтақа учун узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга ҳам эгадир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш