Logo

Никосия шаҳрида Кипр-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси ташкил этилди

Декабрь 21, 2024. 11:52 • 56 сония

234
Никосия шаҳрида Кипр-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси ташкил этилди

НИКОСИЯ, 21 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаевнинг Кипр Республикасига ташрифи давомида ушбу давлат Савдо ва саноат палатаси президенти Ставрос Ставроу билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Палата раҳбари жорий йил июль ойида Ўзбекистонга бўлиб ўтган сафарини юқори баҳолаб, мамлакатимиз тўғрисида катта таассуротга эга бўлганини таъкидлади.


"Ўзаро савдо ва инвестиция соҳасида ҳамкорлик учун юқори салоҳият мавжуд. Шу нуқтаи назардан, биз Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда Кипр-Ўзбекистон бизнес ассоциациясини ташкил этиш ғоясини рўёбга чиқаришдан жуда ҳам мамнунмиз", – деди у.


Шундан сўнг, Кипр-Ўзбекистон бизнес ассоциациясининг илк таъсис йиғилиши ўтказилди. Мазкур тадбирда ассоциация таъсисчилари бўлган Кипр Савдо ва саноат палатаси ҳамда компаниялари вакиллари иштирок этди. Тадбирнинг очилиш қисмида Палата президенти Ставрос Ставроу ва Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев нутқ сўзладилар.


Элчи Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва савдо-инвестициявий салоҳият тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Йиғилиш якунида Кипр-Ўзбекистон бизнес ассоциациясининг таъсис ҳужжати расман тасдиқланди.


Ушбу янги ассоциация Ўзбекистон ва Кипр Республикаси ўртасида иқтисодий, молиявий, банк, савдо ва туризм соҳаларида алоқаларни рағбатлантириш, шунингдек, ишбилармон доираларнинг манфаатларини илгари суришни мақсад қилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш