Беларусда “Янги Тошкент” шаҳарсозлик лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди
Ноябрь 20, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 22МИНСК, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь Архитектура ва қурилиш вазирлигида “Янги Тошкент” шаҳарсозлик лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тақдимотда турли вазирлик ва идоралар вакиллари, “Белстройтцентр”, “Белгоспроект”, “Белниипградостроительства” каби корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Нуриддин Мамажонов “Янги Тошкент”ни барпо этиш концепцияси, инфратузилма ечимлари, инвестиция имкониятлари ҳамда хорижий қурилиш компанияларининг лойиҳада иштирок этиши масалаларига тўхталиб ўтди.
Беларусь архитектура ва қурилиш вазири Вадим Ольшевский Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил июль ойида Беларусга амалга оширган расмий ташрифи ўзаро ҳамкорлик, хусусан, қурилиш соҳасида янги имкониятлар очганини таъкидлади.
“Беларусь томони ҳудудларни комплекс ривожлантириш схемаларини ишлаб чиқиш, замонавий ахборот моделлаштириш технологияларидан фойдаланган ҳолда объектларни лойиҳалашда иштирок этишга тайёр”, – деди у.
Учрашув сўнггида томонлар қўшма ташаббусларни амалиётга татбиқ этишдан манфаатдор эканини таъкидлаб, ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини янада пухта ишлаб чиқишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

