Малайзиянинг тиббий қўлқоп ва каучук маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Декабрь 06, 2024. 15:26 • 2 дақ
• 164
КУАЛА-ЛУМПУР, 8 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Kossan Rubber Industries Berhad" компаниясининг асосчиси ва бош ижрочи директори Лим Куанг Сиа билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистонда тиббий ва маиший қўлқоплар, техник резина буюмларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди.
Суҳбатдош Ўзбекистон иқтисодиёти мунтазам ривожланиб бораётган Марказий Осиё минтақасида энг жозибадор мамлакатга айланганлигини ва мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлигини эътироф этди.
"Компания Малайзияда латекс ва нитрил қўлқоплар ишлаб чиқарувчи энг йирик корхоналардан бири бўлиб, соҳада дунёнинг энг йирик 10 та ишлаб чиқарувчилар қаторидан ўрин олган. Дунёда рақобатбардошликни ушлаб туриш мақсадида компания ишлаб чиқариш жараёнига инновацион ечимлар ва замонавий технологияларни доимий равишда жорий қилиб боради. Хусусан, 2017 йилда биринчилардан бўлиб "Ҳалол" сертификатланган қўлқоплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди", деди Лим Куанг Сиа.
Малайзия томони билан Ўзбекистонда бир марталик тиббий ва маиший қўлқоплар, турли хилдаги резинотехника буюмлар ишлаб чиқариш, корхоналарга имтиёзли шартларда латекс хом-ашёсини етказиб бериш ҳамда замонавий технологияларни жорий қилиш юзасида фикр алмашилди.
Компания раҳбари мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш учун келгуси йилда компания мутахассисларини Ўзбекистонга хизмат сафарига юборишга тайёрлигини билдирди.
"Kossan Rubber Industries" компанияси 1979 йилда Лим Куанг Сиа томонидан асос солинган. Компания йилига 25 миллиард дона тиббиёт ва маиший қўлқоплар, 10 минг тоннадан зиёд каучук (резина) маҳсулотлари ишлаб чиқаради ва дунёнинг 90 та давлатига экспорт қилади. Компания таркибида 30 дан ортиқ шўъба корхоналар мавжуд. Уларда 5000 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси