Покистон компанияси билан ҳамкорликда "Торхам-Термиз" транспорт коридори лойиҳаси амалга оширилади

Январ 31, 2025. 12:04 • 2 дақ

176
Покистон компанияси билан ҳамкорликда "Торхам-Термиз" транспорт коридори лойиҳаси амалга оширилади

КАРАЧИ, 31 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Савдо-саноат палатаси, "Ўзсаноатқурилишматериаллари", "Ўзтўқимачиликсаноат" ва "Ўзчармсаноат" уюшмалари мутасаддилари ҳамда Сурхондарё вилояти тадбиркорларидан иборат мамлакатимиз делегацияси амалий ташриф билан Покистоннинг Карачи шаҳрида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз делегацияси сафар давомида "National Logistics Corporation – NLC" компаниясининг офф-док терминали фаолияти билан танишди. Шунингдек, компания раҳбарияти билан Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш истиқболларига бағишланган музокаралар ўтказилди.

Компаниянинг халқаро ташувлар бўйича бош директори Заҳириддин Бабар Покистон Ўзбекистонни шимолий бозорларга кириб бориш учун стратегик йўналиш, "Термиз Карго маркази"ни бу борадаги муҳим режаларни амалга ошириш учун ишончли ҳамкор, дея қайд этди.

"Ўзбекистон Марказий Осиё, МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатлари бозорларида Покистон иштирокига эришишимиз учун муҳим ҳамкор ҳисобланади. Ушбу бозорларга товарларни Термиз орқали темир йўлда ташиш имконияти жуда қулай ечимлардан бири. Шу билан бирга юкларни ташишда альтернатив йўналишларни ишлаб чиқишимиз учун ҳам барча имкониятлар мавжуд", деди Заҳириддин Бабар.

Шунингдек ўқинг

"NLC" компанияси, унинг техник имкониятлари ва логистик инфратузилмаси, жумладан, офф-док терминаллари ҳамда улардаги хизмат кўрсатиш имкониятлари, юкларни денгиз, ҳаво ва қуруқлик орқали ташиш борасидаги тажрибаси, "эшикдан эшикгача" тамойили ва "TIR" шартлари асосида фаолият олиб бориши таъкидланди.

Ўзбекистон юкларини ташиш, божхона расмиятчиликларини соддалаштириш, тўловларни оптималлаштириш, бошқа хизмат турлари ва шартлари, логистик жараёнларни осонлаштириш бўйича томонларнинг таклифлари муҳокама қилинди. Транспорт-логистика ташувларининг узлуксизлиги борасида юзага келаётган тўсиқларни тезкор бартараф этиш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Музокаралар натижасида Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлиги ташаббуси доирасидаги янги ва мақсадли лойиҳа – "Торхам-Термиз" йўналишидаги транспорт коридори лойиҳаси мувофиқлаштирилиб, унда "NLC" компанияcининг 100 та юк машинаси шаттл режимида мунтазам равишда юкларни ташиши масаласи келишилди.

 Учрашувдан сўнг, Ўзбекистон делегацияси "NLC"нинг Карачи шаҳрида йирик офф-док терминалидаги шароитлар ва сақлаш омборининг имкониятлари билан танишди. Термиз шаҳридаги "Халқаро Карго маркази" билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан сақлаш омборларини бунёд этиш бўйича қўшма лойиҳа таклифи билдирилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш