Logo

Ўзбекистон ва Чехия савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Август 24, 2024. 11:40 • 2 дақ

234
Ўзбекистон ва Чехия савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилмоқда

ПРАГА, 24 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси ходимлари Чехия Саноат ва савдо вазирлиги мутасаддилари билан учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларини барча жабҳада фаоллаштириш ва Ўзбекистон–Чехия муносабатлари кун тартибини амалий мазмун билан бойитиш мақсадида ташкил этилди.


Унда Чехия Саноат ва савдо вазирлиги ташқи иқтисодий департаменти директори Мартин Поспишил, Европа мамлакатлари бошқармасининг Шарқий Европа, Ғарбий Болқон ва Марказий Осиё бўлими бошлиғи Матиас Виктор, Чехия Савдо-саноат палатасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бошқаруви раиси ва бош директори Франтишек Масопуст иштирок этди.


Томонлар икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистонда транспорт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ҳудудлараро ривожланиш дастурлари доирасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.


Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Мартин Поспишил мамлакатимиз ҳукумати делегациясининг Чехияга ташрифи якунларини  юқори баҳолади. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарларининг шу йил 8-11 октябрь кунлари Брно шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро машинасозлик ярмаркасида иштирок этиши бўйича келишувга эришилганини таъкидлади. Ушбу тадбир доирасида Чехия ва Марказий Осиё мамлакатлари компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган конференция ўтказишни режалаштирган.


Мулоқот чоғида мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва доимий алоқаларни давом эттириш мақсадида махсус платформа яратиш истиқболлари хусусида фикр алмашилди. Томонлар ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон-Чехия тадбиркорлари иштирокида ўтказилган бизнес-форум якунларини ижобий баҳоладилар.


Ўзбек ва чех тадбиркорлари иштирокидаги навбатдаги иқтисодий тадбирни Чехияда ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш