Ўзбекистон ва Индонезия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш бўйича фитосанитар жараёнларини тезлаштириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Декабрь 15, 2023. 11:59 • 2 дақ

206
Ўзбекистон ва Индонезия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш бўйича фитосанитар жараёнларини тезлаштириш масалаларини муҳокама қилмоқда

ЖАКАРТА, 15 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон ва Индонезиянинг тегишли ташкилотлари ўртасида қишлоқ хўжалиги ва ветеринария маҳсулотлари импортини йўлга қўйиш талаблари ва амалдаги фитосанитар чораларга бағишланган видеоконференция шаклидаги музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн учрашувда Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари, Индонезия тарафидан эса ушбу мамлакат Ташқи ишлар, Савдо, Қишлоқ хўжалиги, Денгиз ишлари ва балиқчилик вазирликлари, Миллий тадқиқот ва инновациялар агентлиги, Ғарбий Нуса Тенгара провинцияси ҳокимлиги, Доривор воситалар, озиқ овқат назорати миллий миллий агентлиги, Индонезия Президенти ҳузуридаги Карантин органи ва унинг ҳудудий бошқармалари вакиллари қатнашди.


Мулоқот аввалида Индонезия томони бозорига қишлоқ хўжалиги ва ветеринария маҳсулотлари импортини йўлга қўйиш талаблари ҳамда амалдаги фитосанитар чораларга оид тақдимот ўтказди. Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонда етиштирилган гилосга карантин рухсати берилгани ва лимон  экспортини йўлга қўйиш бўйича жараён якунланаётгани таъкидланди.


Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари ўз навбатларида, мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг ҳолати тўғрисида тўхталиб, мамлакатимизда амалдаги карантин ва ветеринария қоидалари тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтишди.


Индонезия Президенти ҳузуридаги Карантин органи раисининг ўсимликлар карантини бўйича маслаҳатчиси Антарё Дикин икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида тегишли идоралар ўртасида карантин, ветеринария, фитосанитария масалаларида келишувлар имзолаш таклифини билдирди. У, шунингдек, экспорт ва импорт жараёнларида божхона ишларини амалга ошириш ва маҳсулотларни сақлаш масалаларини соддалаштириш бўйича механизмни жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.


Учрашув якунида икки мамлакат карантин идоралари ўртасида ҳамкорлик келишувини имзолаш, 2024 йил январь ойида Индонезия Президенти ҳузуридаги Карантин органи раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш ва бошқа масалаларда келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш