Ўзбекистон ва Покистон икки томонлама Имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар сонини кенгайтириш масаласини муҳокама қилмоқда

Декабрь 23, 2024. 07:27 • 2 дақ

• 315
Ўзбекистон ва Покистон икки томонлама Имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар сонини кенгайтириш масаласини муҳокама қилмоқда

ИСЛОМОБОД, 23 декабрь. /"Дунё" АА/. Жорий йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Покистон Савдо вазирлиги ўртасида онлайн учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир чоғида "Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида"ги битим доирасида маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.

Покистон томонидан иштирокчиларга Савдо вазири ўринбосари Мария Кази бошчилик қилди.

Мулоқот аввалида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим 2023 йил март ойида кучга киргач, икки томонлама савдо ҳажмининг сезиларли ошгани таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Шунга қарамасдан, олий даражадаги учрашувлар чоғида товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш борасидаги келишувни рўёбга чиқариш янгича ёндашувни, жумладан битим доирасида имтиёзли маҳсулотлар сонини оширишни талаб қилиши қайд этилди. Бу чора савдо борасида томонларнинг мавжуд салоҳиятини тўлақонли ишга солиш имкониятини беради.

Битим доирасидаги маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш борасидаги томонларнинг таклифлари муҳокама қилинди.

Имтиёзли маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича янги таклифлар билан алмашиш ва музокараларни давом эттиришга, ўзаро савдо статистикаси бўйича маълумотлар билан алмашишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш