Logo

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида товар ва хизматлар бозорига кириш тўғрисидаги баённома имзоланди

Декабрь 21, 2024. 15:32 • 2 дақ

185
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида товар ва хизматлар бозорига кириш тўғрисидаги баённома имзоланди

ВАШИНГТОН, 21 декабрь /«Дунё» АА/. Жорий йил 19 декабрь куни Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши доирасида товар ва хизматлар бозорига кириш тўғрисидаги баённома имзоланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Аввалроқ, ноябрь ойи бошида музокаралар ўтказиш бўйича гуруҳлар томонидан ушбу муҳокамаларнинг якунланганлиги эълон қилинган эди.

Тегишли баённома Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ва АҚШ Савдо вакили Кэтри Тай томонидан имзоланди.

Маросимда Ўзбекистон томонидан Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов, элчи Фурқат Сидиқов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев ҳамда музокаралар гуруҳи аъзолари иштирок этди.

АҚШ томонидан тадбирга Савдо вакилининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Брендон Линч, ЖСТ ва кўп томонлама савдо масалалари бўйича ўринбосари Нил Бэк ва бозорга кириш бош музокарачиси Ольга Лутчин қатнашди.

Тадбирда томонлар эришилган келишувларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, музокараларнинг муваффақиятли якунланиши икки мамлакатнинг кўп томонлама савдо тизими, адолатли ва шаффоф савдо қоидаларга асосланган муносабатларга содиқлигини қайд этди.

АҚШ томони Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни ва ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканлигини маълум қилди.

АҚШ Савдо вакили томонидан Ўзбекистоннинг глобал савдо тизимига интеграциялашувига қаратилган саъй-ҳаракатлари хорижий инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун янги имкониятларни яратишга, энг асосийси, халқ фаровонлигини яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.

Имзолаш маросими якунида томонлар яна бир бор Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш мақсадида, жумладан, кўп томонлама музокаралар ва қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шартларини мувофиқлаштириш доирасида ҳамкорликни жадаллаштиришини тасдиқладилар.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида АҚШ – бозорга кириш бўйича икки томонлама музокаралар якунланган 21-давлат бўлган эди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш