Ўзбекистон ва Германия ўртасида ҳамкорликнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди
Сентябрь 22, 2026. 13:24 • 3 дақ
• 13
БЕРЛИН, 22 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида технологик металлар, критик муҳим минераллар ва уларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлашнинг замонавий технологияларини жорий этиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Германия ишбилармон доиралари, тегишли компаниялар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари, Ўзбекистон Технологик металлар комбинати (ТМК) делегацияси иштирок этди.
Асосий эътибор стратегик ва критик муҳим минерал ресурсларни ўзлаштириш, хомашёни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашнинг замонавий технологияларини жорий этиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилди.
Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов мамлакатнинг бой минерал-хомашё базаси ва илғор немис технологияларининг уйғунлиги критик хомашё ва стратегик минераллар соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади.
ТМК вакиллари комбинат фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар ва Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятлари ҳақида тақдимот ўтказди. Иштирокчиларга халқаро технологик ва инвестициявий ҳамкорларни жалб қилиш, мавжуд ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалари ҳақида маълумот берилди.
Муҳокамалар давомида геология-қидирув ва қазиб олишдан тортиб хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, саноат кооперацияси, илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб қилиш, барқарор ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини шакллантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Тадбир доирасида ТМК вакилларининг германиялик тадбиркорлар билан B2B форматида учрашувлари бўлиб ўтди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни, жумладан, молибден ва вольфрамни Германия ва Европа бозорларига етказиб бериш, шунингдек, хорижий компанияларнинг ишлаб чиқариш кластерларида иштирок этиши муҳокама қилинган йўналишлар сирасига кирди.
ТМК вакили Тимур Ҳикматуллаевнинг сўзларига кўра, германиялик ҳамкорларга Ўзбекистонда ташкил этилаётган ихтисослаштирилган кластерларда иштирок этиш ва келажакдаги Металлар технопарки резиденти бўлиш таклиф этилди.
“Германиялик ҳамкорларни, биринчи навбатда, муҳим минералларни, жумладан, молибден ва вольфрам маҳсулотларини Германия бозорига етказиб бериш қизиқтирди”, – деди у.
“UzTradeHouse Germany GmbH” раҳбари Жони Бакос ўзбек компанияларини Европа бозорига чиқишда қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
“Биз ўзбекистонлик тадбиркорларга немис бизнеси билан алоқалар ўрнатишда, шунингдек, экспорт, логистика ва молиялаштириш масалаларида ёрдам беришга тайёрмиз”, – деди у.
“AKA-Ausfuhrkredit-Gesellschaft” раҳбари Марк Венгрзик икки давлат ўртасидаги молиявий ҳамкорлик бўйича тўпланган тажриба ва уни кенгайтириш истиқболларини қайд этди.
“Энди асосий вазифа – ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш ва янги бизнес ҳамда инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш орқали ушбу имкониятларни биргаликда рўёбга чиқаришдир”, – деди Марк Венгрзик.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Германия компаниялари ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини, жумладан, технологик шериклик, инвестициялар, муҳим минералларни етказиб бериш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни белгилаб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси