Ўзбекистон ва Дания ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Сентябрь 19, 2026. 10:00 • 2 дақ

239
Ўзбекистон ва Дания ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

СТОКГОЛЬМ, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Дания саноати конфедерацияси, Дания компаниялари ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик, идора ва тармоқ ташкилотлари вакиллари иштирокида онлайн-учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Даниянинг етакчи компаниялари, жумладан, “FLS”, “Maersk”, “Scan Global Logistics”, “Copenhagen Airport”, “AVK”, “Grundfos”, “Carlsberg” вакиллари иштирок этди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Дания ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Дания компаниялари вакиллари Ўзбекистон бозорини ривожлантириш салоҳияти, Марказий Осиёнинг ортиб бораётган иқтисодий роли ҳамда минтақавий ҳамкорлик имкониятларига катта қизиқиш билдирдилар.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида транспорт ва логистика, авиация, сув ва иссиқлик таъминоти, энергия самарадорлиги ҳамда саноат кооперацияси қайд этилди. Томонлар замонавий технологияларни жорий этиш, инфратузилмани ривожлантириш ва ўзаро манфаатли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув якунлари бўйича манфаатдор компаниялар ўртасидаги мулоқотни давом эттириш ва амалий ҳамкорликни, шу жумладан ўзаро бизнес-миссияларни ташкил этиш орқали ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш