Бухоро вилоятида кимёвий қўшимчалар ишлаб чиқариш бўйича 15 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда

Июль 23, 2026. 08:10 • 2 дақ

85
Бухоро вилоятида кимёвий қўшимчалар ишлаб чиқариш бўйича 15 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда

ВЛАДИВОСТОК, 23 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консули Ҳожиакбар Ваҳобов Приморск ўлкасида фаолият юритаётган “Master Innovation” компанияси раҳбари Жасур Жумаев билан онлайн учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Онлайн мулоқот чоғида компаниянинг Бухоро вилоятида амалга ошираётган инвестиция лойиҳаси, корхона қурилишининг бориши, эришилган натижалар ҳамда уни ишга туширишнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди.

Бухоро вилоятининг Когон туманидаги мазкур лойиҳанинг қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа ўзбекистонлик ва жанубий кореялик тадбиркорлар Жасур Жумаев ҳамда “Ezcon” компанияси раҳбари Ким Сэоккюн ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Заводда автомобиль йўллари ва аэродромлар қурилишида фойдаланиладиган цемент-бетон маҳсулотлари ҳамда асфальт-бетон қоришмалари сифатини яхшилайдиган “D110” кимёвий қўшимчасини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Таъкидланишича, илгари Ўзбекистонда бундай маҳсулот ишлаб чиқарилмаган, зарур материаллар эса хориждан импорт қилинган. Корхона тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, 45–50 та иш ўрни яратиш, мамлакат ички бозорини таъминлаш ва қўшни давлатларга, жумладан, Тожикистон ва Афғонистонга маҳсулот экспортини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш