Ўзбекистон делегацияси Польшада ветеринария назорати ва экспорт имкониятларини ўрганмоқда

Июль 23, 2026. 09:00 • 2 дақ

2
Ўзбекистон делегацияси Польшада ветеринария назорати ва экспорт имкониятларини ўрганмоқда

ВАРШАВА, 23 июль. /“Дунё” АА/. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакили Аброр Акбаров бошчилигидаги делегация Польшада ташкил этилган қатор тадбирларда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Делегация аъзолари парранда, балиқ ҳамда бошқа турдаги гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ихтисослашган қатор йирик корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф доирасида вакилларимиз Польша Бош ветеринария инспекцияси раҳбари Павел Мейер билан учрашди. Музокаралар чоғида поляк томони инспекция дастури, корхоналарни кўздан кечириш тартиби, ветеринария назорати тизими, экспорт қилувчи корхоналарга қўйиладиган талаблар, сертификатлаш жараёни ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш механизмлари ҳақида маълумот берди.

Учрашувда ветеринария, чорвачилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, Польшадан мамлакатимизга гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, ўзбек тадбиркорларининг ўз товарлари билан Польша ва бошқа Европа Иттифоқи давлатлари бозорларига кириши учун фитосанитария, карантин ҳамда ветеринария талаблари бўйича маслаҳат ва амалий кўмак кўрсатиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон томони республикамизга импорт қилинадиган гўшт маҳсулотларининг “Ҳалол” стандартларига тўлиқ мос келишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Шу муносабат билан инспекциядан ўтаётган Польша корхоналарига “Ҳалол” маҳсулотларини ишлаб чиқариш талабларини яхши биладиган Ўзбекистон мутахассисларини жалб этиш таклиф этилди.

Мазкур ташаббус ишлаб чиқариш жараёнини белгиланган меъёрлар асосида ташкил этиш, маҳсулот сифатига бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва истеъмолчилар манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилишга хизмат қилиши қайд этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш