Деҳли шаҳрида Тошкент халқаро инвестиция форумининг тақдимоти бўлиб ўтди
Май 28, 2025. 10:25 • 2 дақ
• 133
ДЕҲЛИ, 28 май. /"Дунё" АА/. Ҳиндистон пойтахтида IV Тошкент халқаро инвестиция форумининг (ТХИФ) тақдимоти ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ҳиндистон саноатчилари ва тадбиркорларининг энг йирик ташкилотларидан бири – PHD савдо ва саноат палатасида ("PHD CCI") бизнес мулоқот ўтказилди.
Унда ушбу тузилмага аъзо 50 дан ортиқ компания раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев юртимизда сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий соҳанинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш фаолияти учун яратилган қулай муҳит, хорижий компаниялар ва бизнес доиралари вакиллари билан самарали ҳамкорлик қилиш учун тақдим этилаётган жозибадор шароит, преференция ва имтиёзлар ҳақида сўзлаб берди.
Анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг Ўзбекистон билан сармоявий ҳамкорлик қилиш жараёнидаги салмоқли ўрни ҳақида маълумот тақдим этилди.
Хусусан, форум доирасида истиқболли йўналишлар ва лойиҳаларни муҳокама қилиш учун яратиладиган қулай майдонча, G2B, В2В ва бошқа шакллардаги бевосита мулоқотларнинг аҳамияти, икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бошқа имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
"PHD CCI" президенти Ҳемант Жаин сўнгги йилларда изчил ривожланиб бораётган Ҳиндистон-Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлиги даражасини юқори баҳолаб, Тошкент халқаро инвестиция форумида мазкур палата аъзолари фаол иштирок этишини билдирди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон билан инвестициявий ҳамкорлик қилиш истиқболларига бағишланган видеороликни катта қизиқиш билан томоша қилди.
Ўзбекистон дипломатик миссияси маълумотига кўра, IV Тошкент халқаро инвестиция форумида 100 нафардан ортиқ ҳиндистонлик тадбиркор қатнашиши кутилмоқда. Улар энергетика, тўқимачилик, фармацевтика, ахборот технологиялари, таълим ва бошқа соҳалардаги шериклик истиқболларини муҳокама қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Польша ОАВ: Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан хавфсиз мамлакат
Покистон делегацияси IV Тошкент халқаро инвестиция форумида фаол иштирок этди