Logo

Хитой компанияси билан киберхавфсизлик йўналишида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди

Октябрь 30, 2023. 07:39 • 57 сония

227
Хитой компанияси билан киберхавфсизлик йўналишида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди

ГУАНЧЖОУ, 30 октябрь. /«Дунё» АА/. Хитойнинг киберхавфсизлик соҳасига ихтисослашган йирик "Meiya Pico" компанияси бош директорининг халқаро маркетинг бўйича ўринбосари Ли Йияо ҳамда халқаро бозорлар бўйича директори Чжен Жие билан музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консуллигидан маълум қилинишича, учрашувда компания фаолияти ва мамлакатимиз билан киберхавфсизлик йўналишида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.


Интернетда киберхавфсизлик, маълумотлар базаси билан ишлаш ва соҳа мутахассислари малакасини ошириш йўналишларида мазкур компания билан аниқ келишувларга эришиш мақсадида "Meiya Pico" мутахассиcлари Ўзбекистонга таклиф этилди.


Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, "Meiya Pico" Фуцзянь провинциясининг Сямэнь шаҳрида жойлашган бўлиб, Хитойда рақамли суд экспертизаси ва киберхавфсизлик йўналишидаги етакчи компания ҳисобланади. Унинг Хитойда 24 филиали мавжуд, компания 3000 нафардан ортиқ ходимга эга. Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва давлат ташкилотлари учун ечимлар ва хизматларни тақдим этаётган "Meiya Pico" мамлакатда рақамли суд экспертизаси бозорининг 40 фоизидан ортиғини қамраб олган. Компания Гонконг, Малайзия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Италия, Индонезия, Камбоджа, Таиланд, Сингапур ва Франциядаги мижозларига ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этиб келмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш