Logo

Япониянинг Нагоя шаҳрида Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди

Апрель 23, 2024. 07:31 • 2 дақ

225
Япониянинг Нагоя шаҳрида Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди

НАГОЯ, 23 апрель. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Нагоя шаҳри мэрияси билан ҳамкорликда "Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳияти" мавзусида тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.



Тадбирда мэриянинг Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Макио Ямада, Ўзбекистоннинг Нагоя шаҳридаги фахрий консули Хироюки Ито, "Asiana Airlines" авиакомпаниясининг Нагоя шаҳридаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этди.

Нагоя шаҳри мэрияси Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Макио Ямада ўз нутқи давомида, 2019 йилда Ўзбекистон Президентининг Нагоя шаҳрига ташрифи ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун замин яратганини алоҳида урғулади.

Тадбир давомида, шунингдек, "Ипак йўли"нинг чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон тарихий обидалари, миллий таомлари, урф-одатлари ҳамда юқори сифатли ҳунармандчилик маҳсулотлари япон томонида жуда катта қизиқиш уйғотиши таъкидланди.

Нагоя шаҳрида доимий равишда Ўзбекистон ҳақида тарғибот олиб бориш, мамлакатимизнинг инвестициявий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида хабардор қилиб бориш ушбу мегаполис аҳолисида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ва бизнес юритишга бўлган интилишни ошиб боришига катта хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Ўзбекистоннинг Нагоя шаҳридаги фахрий консули Хироюки Ито юртимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталиб, мамлакатимиздаги мавжуд барқарор иқтисодий ва сиёсий муҳит сабабли хориж томонининг Ўзбекистонга бўлган ишончи тобора ортиб бораётганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Япония билан иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиниб, ҳозирги кунда япон компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар, савдо йўналишлари ва салоҳиятли ҳамкорлик соҳалари ҳақида тақдимот амалга оширилди.

Элчихона томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот давомида мамлакатимизда янги туризм йўналишлари ва "туризм контентлари"ни ишлаб чиқиш, туризм соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий сайёҳларга қулайликлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз тарихий шаҳарларининг туризм салоҳияти, сўнгги йилларда барпо этилган жаҳон стандартлари асосидаги меҳмонхоналар, ички транспорт инфратузилмаси, овқатланиш масканлари ҳақида тақдимот намойиш қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистонга Нагоя шаҳридан Корея Республикасининг "Инчхон халқаро аэропорти" орқали келиш қулайлигини инобатга олган ҳолда, "Asiana Airlines" авиакомпаниясининг Нагоя шаҳридаги ваколатхонаси томонидан режалаштирилган авиарейслар тақдимоти ва авиақатновлар жадвали ҳақида маълумот берилди.

Тадбир якунида Нагоя префектурасининг сайёҳлик компаниялари вакиллари билан суҳбатлар ташкил қилиниб, мамлакатимизга ушбу ҳудуддан сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда "Ўзбекистон туризм бренди"ни кенг тарғиб қилиш бўйича келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш