Япониянинг Нара шаҳрида ўзбек ҳунармандчилик буюмлари ва қуруқ мевалари намойиш этилди
Октябрь 29, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 205НАРА, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг Нара шаҳрида Самарқанд билан қардошлик алоқаларини ривожлантириш доирасида Ўзбекистон миллий маҳсулотлари тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир “Crossway Nakamachi” савдо-кўнгилочар мажмуасида ташкил этилди. Унда маҳаллий ҳунармандларнинг буюмлари, ипак маҳсулотлари, каштачилик намуналари, шарфлар, сумкалар, шунингдек, қуруқ мевалар кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва миллий маҳсулотлар ранг-баранглиги билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, ташкилотчилар томонидан ўзбек товарларини Япония бозорида илгари суриш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимиз тарихи, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, инвестициявий салоҳияти ва туристик имкониятларига бағишланган алоҳида тақдимот ўтказилди. Бундан ташқари, қатор япониялик компаниялар вакиллари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасидаги қардошлик муносабатлари 2022 йил 18 октябрда расман ўрнатилган. Шундан бери томонлар маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириб келмоқдалар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





